Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 18:46 Чоп этиш версияси

Тадбиркорлар муаммоларининг ечимига янгича ёндашув

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишдаги муаммоларни бартараф этиш бўйича экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Халқимиз мева-сабзавот етиштиришда бой тажрибага эга, ҳар қарич ердан, томорқадан унумли фойдаланади. Олимларимизнинг изланишлари ҳам эътиборга молик. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тури ва ҳажмини кўпайтириш, уларни қайта ишлаш орқали озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлаш, экспортга йўналтириш борасидаги тадқиқотлар яхши самара бермоқда. Пировардида, агротадбиркорлик мамлакатимизда жадал ривожланаётган ва мўмай даромад келтираётган тармоқлардан бирига айланди.

Маълумотларга кўра, 1991 йилда мамлакатимизда 5,6 миллион тонна мева-сабзавот етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 24,3 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Ўз навбатида етиштирилган маҳсулотларни сифатли сақлаш, уларни қайта ишлаш, ер майдонларини кенгайтириш, иссиқхоналар сонини кўпайтириш, экспорт ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

160 мингдан ортиқ фермер хўжалигининг 36 мингдан зиёди кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган. Улар деҳқончилик ва чорвачилик билан чекланиб қолмай, замонавий технологиялар ёрдамида ўзлари етиштирган маҳсулотларни қайта ишламоқда, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб хўжаликда зарур бошқа турдаги маҳсулотларни ҳам етказиб бермоқда. Бу, албатта, қишлоқ одамларининг бандлигини таъминлаш, даромадини оширишга хизмат қилади.

Экспертлар кенгаши аъзолари фикрича, бу каби амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, мавжуд имконият ва имтиёзларга қарамай, соҳада камчиликлар ҳам учраб турибди.

Бу жиҳатлар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда турли сунъий тўсиқлар кузатилаётганида, ишбилармонлик муҳити фаолиятини назорат қилувчи айрим раҳбарларнинг масъулиятсизлигида кўзга ташланади.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бу борада тадбиркорларга яқин кўмакчи. Шу мақсадда ташкил қилинган экспертлар кенгаши йиғилишида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда, уни халқимиз дастурхонига етказиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишдаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
1 834






Все о погоде - Pogoda.uz