ЎзА Ўзбек

21.09.2020 Чоп этиш версияси

Тадбиркорга қўшилган қиймат солиғидан ортиқча тўланган 220 миллион сўм қайтарилди

Тадбиркорга қўшилган қиймат солиғидан ортиқча тўланган 220 миллион сўм қайтарилди

Сўнги йилларда мамлакатимизда солиқ тўловчиларнинг маълум тоифаларига нисбатан солиқ маъмуриятчилигини манзилли тартибда юритилиши самарали экани ўз исботини топмоқда.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди.

Хоразм вилояти солиқ бошқармасида янги ташкил этилган "Қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги" бўлими ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш ва уни қайтариш билан шуғулланади.

Aгар солиқ даври охирида ҚҚС бўйича бюджетга тўлаш учун ҳисобга олинган солиқ суммаси ҳисобланган солиқ суммасидан кўп бўлса, унда ҚҚСни қоплаш (қайтариш) билан боғлиқ вазият юзага келиши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, солиқ тўловчи ортиқча тўлаган ёки ундан ортиқча ундириб олинган қўшилган қиймат солиғи маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Солиқ тўловчилар ҚҚС суммасини қоплаш (қайтариш) бўйича ариза юборади. Ҳар бир ариза белгиланган муддатда, тегишли орган томонидан кўриб чиқилади.

– Ҳозирги кунда вилоят бўйича жами 5 минг 193 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари тўлиқ вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳисобига кўчириб ўтказилди, – дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси "Қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги" бўлими бошлиғи Санжар Худойберганов. – Жорий йил 1 июнь ҳолатига вилоят ДСБ томонидан 396 та ариза кўриб чиқилди. Умумий қиймати 10 миллиард 768 миллион 305 минг 671 сўмга тенг бўлган 94 та ариза Молия бошқармасига юборилди. Аризаларнинг 67 таси асосланмаганлиги ва хато-камчиликлари сабабли корхоналарга қайтарилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ҳисоботида номувофиқликлар аниқланган тадбиркорлик субъектлари хатоликларини тузатиб, ҚҚС суммасини қайтариш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Жорий йилнинг 1 сентябр ҳолатига Хоразм вилояти бўйича жами 3 минг 948 та хўжалик юритувчи субъектларнинг қўшилган қиймат солиғи бўйича ортиқча тўловлари мавжуд бўлиб, ушбу корхоналарни яшил, сариқ ва қизил йўлакчаларга ажратган ҳолда улардан келаётган аризаларга асосан белгиланган муддатларда тегишли тартибда ҳисоб рақамларига қайтариш ёки бошқа солиқ турларига қоплаш ишларини амалга оширишда вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган.

– Қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини шакллантириш ва унинг шаффофлигини таъминлаш орқали барча хўжалик юритувчи субъектларга ҚҚС бўйича "манфий" қолдиқни қайтариш ҳуқуқи берилгани биз каби тадбиркорлар учун яна бир имконият бўлди, – дейди "Хоразм Ипаги" МЧЖ маркетинг бўлими бошлиғи Сардор Саидмамудов. – Солиқ бошқармаси ходимларининг ҳуқуқий ва амалий ёрдами билан "ҚҚС ўрнини қоплаш" интерактив хизмати орқали юборган аризамизни ўз вақтида кўриб чиқиб, белгиланган тартибда 220 миллион сўм ҚҚСни ҳисоб рақамимизга қайтариб беришди. Бундай қўшилган қиймат солиғининг манфий суммасини тадбиркорлик субъектларига қайтарилиши айланма маблағларнинг ошишига ва ишлаб чиқаришга ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, тизим ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига ташриф буюрган холда уларнинг муаммолари ўрганилиб бартараф этишга кўмак берилмоқда. Фаолият кўрсатмаётган корхоналар муаммоларини ўрганиш, сабабларини аниқлаш ва улар фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда.



10 017
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА