Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2017 13:14 Чоп этиш версияси

Тадбиркор ёшлар сафи кенгаймоқда

Оҳангарон тумани марказий истироҳат боғида “Ватанимиз келажаги учун масъулмиз!” шиори остида уюшмаган ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда тумандаги тижорат банклари, давлат солиқ инспекцияси, “Ягона дарча” маркази вакиллари, партиянинг “Ёш мулкдор – юрт таянчи” ҳамда “Диплом билан бизнесга” лойиҳалари қатнашчилари, “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этди.

Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ёшларни мазкур соҳага кенг жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– “Ёш мулкдор – юрт таянчи” лойиҳасининг биринчи босқичида уюшмаган ёшларнинг тадбиркорлик ва фермерликка қизиқиши махсус ижтимоий сўровномалар орқали ўрганилди, – дейди партия вилоят кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Д.Давронов. – Ўрганишлар натижаси вилоятда 1000 га яқин уюшмаган ёшлар борлигини кўрсатди. Уларнинг 600 га яқини кичик бизнес ва фермерлик фаолиятига қизиқиши борлиги, ушбу йўналишда ўз ишини бошлаш мақсадида экани аниқланди. Лойиҳанинг иккинчи босқичида сўровномага кўра қизиқиши аниқланган ёшларнинг келгусида тадбиркорлик билан самарали фаолият юритиши, соҳага оид билимини бойитиш учун банк муассасалари, “Ягона дарча” марказлари, тадбиркорликка кўмаклашувчи бошқа ташкилот вакиллари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Тадбирлар давомида ёшларнинг бизнес ғояларини молиялаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.

Тадбир доирасида ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйган ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳамда тижорат банклари фаолиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди.

– “Диплом билан бизнесга” лойиҳасида сутни қайта ишлаш бўйича бизнес режам билан иштирок этдим, – дейди Оҳангарон политехника касб-ҳунар коллежи битирувчиси М.Ҳусанбоев. – Лойиҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан маъқул топилиб, уни ҳаётга татбиқ этиш учун банкдан 30 миллион сўм миқдорида кредит ажратиладиган бўлди. Бундан жуда хурсандман.

Семинарда ташаббускор, тадбиркор бўлиш истагини билдирган кўплаб ёшлар ўз бизнес ғояларини молиялаштириш учун банклар билан кредит шартномалари имзолади.

Икром Аввалбоев, ЎзА
4 473






Все о погоде - Pogoda.uz