Коллежни битирувчи қизларга замонавий тикув дастгоҳлари топширилди
Нурота қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини битирувчи қизларнинг 45 нафарига “Савдогарбанк” вилоят филиали томонидан замонавий тикув дастгоҳлари топширилди.
Нурота қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини битирувчи қизларнинг 45 нафарига “Савдогарбанк” вилоят филиали томонидан замонавий тикув дастгоҳлари топширилди.Мамлакатимизда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Навоий вилоятида ҳам битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили вилоятда 12 минг 953 нафар ёш мутахассис касб-ҳунар коллежини битирди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган 1 минг 362 ёш мутахассисга қарийб 15 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.
– Касб-ҳунар коллежини битираётган ёшларга тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилаётгани янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди Навоий вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи О.Бобомуродов. – Ёш тадбиркорлар турли йўналишларда ўз бизнесини йўлга қўйиб, оиласи фаровонлигига ҳисса қўшмоқда, тенгдошларини иш билан таъминламоқда.
Нурота қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 970 дан ортиқ ўқувчи замонавий шароитларда таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида таълим масканини 300 дан зиёд ёш мутахассис битиради.
– Тижорат банки томонидан тикув дастгоҳи берилганидан жуда хурсандмиз, – дейди коллеж битирувчиси Феруза Алимова. – Мустақил равишда тикувчилик билан шуғулланиб, тайёр трикотаж маҳсулотлари тайёрлашни режалаштирганман. Энг муҳими, имтиёзли кредит шартлари биз, ёшларга маъқул бўлмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолияти ва бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 24 миллиард 500 миллион сўмга яқин имтиёзли кредит маблағи ажратилиши белгиланган.