ЎзА Ўзбек

19.08.2015 15:31 Чоп этиш версияси

Тадбиркор манфаати ва суғурта ҳимояси

Суғурта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоялашда энг мақбул усуллардан ҳисобланади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда “Кафолат суғурта компанияси” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар, суғурта хизматларини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда суғурта фаолиятининг ўрни ҳақида сўз борди.

Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотларда суғуртавий ҳимоя имкониятлари тобора ошиб бораётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. “Кафолат суғурта компанияси” акциядорлик жамияти томонидан тадбиркорларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда комплекс суғурта хизматлари кўрсатилмоқда.

Қурилиш таваккалчиликларини суғурта қилиш, тадбиркорлар мол-мулкини, гаровга қўйилаётган ёки лизингга олинаётган мулкни, транспорт воситалари, экспорт шартномаларини суғурталаш сингари хизматлар тадбиркорлик субъектларини кутилмаган ҳодисалар, молиявий йўқотишлардан ҳимоялашда муҳим омил бўлаётир. “Кафолат суғурта компанияси” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилган янги «Тадбиркор суғуртаси» суғурта хизмати якка тартибдаги тадбиркорларни бахтсиз ҳодисалардан ҳимоялашни янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

2015 йилнинг биринчи ярмида компания томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларига кўрсатилган суғурта хизматларидан 27,5 миллиард сўмлик суғурта мукофоти тўпланди. Ўсиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 137,2 фоизни ташкил қилди.

Мижозлар мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 5,5 миллиард сўмдан ортиқ суғурта қопламалари тўланди.

Компания тўлов қобилияти тобора яхшиланмоқда. Жорий йилнинг олти ойида инвестиция қўйилмаларнинг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126,1 фоизга ортиб, 35,5 миллиард сўмни ташкил этди. Баланс активида ҳам ўсиш қайд этилиб, умумий сумма 72,2 миллиардга етди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини суғурталаш бўйича 27,2 минг дона суғурта шартномалари имзоланди. Бунда суғурта мукофотлари ҳажми 3,4 миллиард сўмдан ортди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Бехзод Бозоров, ЎзА
5 847