Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2017 14:37 Чоп этиш версияси

Тадбиркор хотин-қизлар сафи кенгаймоқда

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида “Банк кредитлари – ёшлар ва хотин-қизлар учун” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Андижон вилояти кенгаши, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Микрокредитбанк” вилоят филиали ҳамкорлигида таълим муассасаларини битирган ёшларни иш билан таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш, чекка ҳудудларда банк хизмати ва кредитларидан янада кенг фойдаланишни ташкил этиш мақсадида ўтказилган семинарда халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, банк мутахассислари, тадбиркорлар, ҳунарманд хотин-қизлар, битирувчилар, журналистлар иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик борасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, интилиш ва ташаббусларини рағбатлантириш, улар учун янада қулай ишбилармонлик муҳити яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Партиямиз дастурида хотин-қизлар ва коллеж битирувчиларини тадбиркорликка жалб этиш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланган, – дейди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Камола Абдувалиева. – Бугунги тадбирда ҳам иштирокчиларга тадбиркорлик йўналишида қабул қилинган Президент фармонлари ва қарорлари, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди, уларнинг бу борадаги билими янада бойитилди.

Шаҳрихон туманида 300 дан зиёд хотин-қиз тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида банклар томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 4 миллиард 38 миллион сўм кредит ажратилиб, қатор лойиҳалар амалга оширилди, 159 янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда тумандаги касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 3 минг 760 дан ортиқ битирувчининг 170 нафари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган.

– Хонадонимизда тикувчилик цехи ташкил этиб, 30 хотин-қизни иш билан таъминлаганмиз, – дейди Бешариқ маҳалласида яшовчи тадбиркор Нозимахон Ҳожиакбарова. – Бугунги кунда маҳсулотларимизни буюртма асосида қўшни вилоятларга ҳам етказиб беряпмиз.

Семинарда мутахассислар томонидан бизнес-лойиҳа тузиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кредит олиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан кенг маълумот берилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 666






Все о погоде - Pogoda.uz