Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 13:41 Чоп этиш версияси

“Бизнес клуб”да ёшларга тадбиркорлик сир-асрорлари ўргатилмоқда

Хоразмда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан “Бизнес клуб” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида банк, солиқ, суғурта идоралари мутахассислари ҳамда тадбиркорлардан иборат тарғибот гуруҳи Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалида талабалар билан учрашув ўтказди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор иқтисодиётимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

“Тадбиркор ким?”, “Кимлар тадбиркор бўла олади?”, “Тадбиркор бошланғич сармояни қандай шакллантиради?”, “Имтиёзли кредитлар кимларга ажратилади?”, “Солиқ қонунчилигини биласизми?” каби мавзуларда ташкил этилган давра суҳбатларида мутахассислар ёшларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Учрашувда тадбиркорлик соҳасида яхши натижаларга эришаётган ишбилармон ёшлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш тартиб-таомиллари, йўл-йўриқлари ва ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.

– Ёшларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган бундай тадбирларда мунтазам иштирок этиб, ўрганган билимларимни амалиётда қўллашга ҳам улгурдим, – дейди Шовот туманидан ёш тадбиркор Мавжуда Сафарбоева. – 2016 йилда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловида қатнашиб, тижорат банкидан 40 миллион сўм имтиёзли кредит олишга эришдим ва ўз бизнесимни йўлга қўйдим. Бугунги тадбирда ўз тажрибаларим ҳақида тенгдошларимга гапириб бердим. Давлатимиз томонидан биз, ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажагимизга мустаҳкам пойдевор яратиш, эл-юртимиз фаровонлигига ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
2 509






Все о погоде - Pogoda.uz