Таҳлил ва танқид руҳида
Бухорода 2015 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Бухорода 2015 йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими М.Эсонов бошқарган йиғилишда 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурларини амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Ҳисобот даврида вилоятда Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларига ҳамда аҳоли турмуш даражасининг изчил юксалишига эришилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 фоиз ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,5, чакана савдо айланмаси 4,2, хизматлар кўрсатиш 5,6, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,6 фоиз ўсди.
Йиғилишда маҳаллийлаштириш дастури ижроси, ҳудудий экспорт ҳажми белгиланган прогноз кўрсаткичидан пастлиги қайд этилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Галдаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Белгиланган дастурларга асосан жорий йилнинг иккинчи ярмида жами қиймати 427,4 миллиард сўм бўлган 844, жумладан, саноат йўналишида 249, хизмат кўрсатиш соҳасида 305 ва қишлоқ хўжалигида 290 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу аҳолини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Дастурлар ижроси таъминланиши 9 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Юқорида қайд этилган лойиҳаларга кўра, 25 турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Полимер ва пластик буюмлар, трикотаж, чарм-пойабзал, қоғоз маҳсулотлари, қурилиш материаллари, озиқ-овқат товарлари шулар жумласидандир.
Маҳаллийлаштириш дастури бўйича бешта корхонада 12 лойиҳа асосида 89,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Экспорт салмоғини ошириш мақсадида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 2 минг 177 корхонани қайта инвентаризация қилиш ва янги субъектларни экспорт фаолиятига жалб этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш чоралари кўрилади.
Президентимизнинг 2015 йил 7 июлдаги Республика иқтисодиёти тармоқларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш, хусусан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий муассасаларни куз-қиш даврида барқарор ишлашга ҳозирлаш, аҳолига энергия ресурслари узлуксиз етказиб берилиши бўйича пухта тизим яратиш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Қиш учун мева-сабзавот маҳсулотлари ғамлаш, бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулияти хусусида сўз борди.
Коммунал ва йўл тармоқлари ҳамда инфратузилма объектлари қурилиши, янги иш ўринлари яратиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Электр энергияси ва табиий газ тўловларидан қарздорликни кескин камайтириш, тадбиркорлар фаолиятига нисбатан учраётган тўсиқларни ва бошқа камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.