ЎзА Ўзбек

05.09.2018 15:03 Чоп этиш версияси

Сув тескари оқадиган дала

Сув тескари оқадиган дала
Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги “Чандир сардори” фермер хўжалиги далаларида сув тескари оқар экан. 

Биз ҳам бу ҳақида хўжалик раҳбари Кенжа Жомуродов билан суҳбатлашганда билдик.

Бунга ҳеч қандай мўъжизанинг алоқаси йўқ. Фақат узоқ йиллик изланиш ва чорасизликдан чора қидириш каби меҳнат самарасида бунга эришилди. Тажриба яхши самара берди.

Изланувчан мулкдор, у эришаётган ютуқлар ҳақида батафсил сўз юритадиган бўлсак, Ўзбекистонда мустақиллик шамоллари эсиб, халқимиз ўзига бек бўлганда Жомуродовлар оиласидаги ўн фарзанднинг энг кичиги – Кенжа тўрт ёшда эди. У вақтларда Кенжа эркинлик, озодлик, истиқлол, фермерлик, хусусий мулк каби сўзларнинг маънисига ҳам бормасди. Болакай учун бунинг қизиғи ҳам йўқ эди. Шундан отасининг “энди елкамизга офтоб тегади”, деган сўзларини маъносига ҳам тушунмаганди.

Орадан йиллар ўтди. Кенжа мактабда, сўнг Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида таҳсил олди. 

2009 йили ўқишни тамомлаб, Миришкор туманига – она қишлоғига қайтди. Минерал ўғитлар сотиш шохобчасида иш бошлади. Бироз муддат ҳамма қатори ишга бориб, уйга қайтиб юрди. Бироқ “бир чизиқда” юриш уни зериктирди. Умрнинг шунчаки ўтаётганидан юраги норози, чеҳраси тунд эди. Нима қилиш ҳақида ўйлаб, боши қотди. 

Шундай кунларда газетада ўзи каби ёшларнинг юрт тараққиётига, ободлигига қўшаётган ҳиссаси ҳақидаги мақолага кўзи тушди. Ана шунда Кенжа Жомуродов ўзи қидираётган, юрагини “жизиллатаётган”, ҳаяжонга солаётган туйғунинг нима эканини англагандай бўлди. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик, яратувчанлик ишларига ҳисса қўшишга аҳд қилди.

2012 йили фермер бўлиш мақсадида туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилди. “Ҳамма майдонлар эгали, экишга яроқли ерлар банд“, дейишди. Кураш тушиб юрган йигит эмасми, кўнглида ор-номус, ғурур ҳам шунга яраша. Кенжа қўриқ ер очишга қарор қилди. 

Адир ўзи нима? Ёмғир кўп ёққан йили ўт-ўлан мўл бўлиб, чорва яйрайдиган, ёз жазирамасида эса қовжираган, бир амаллаб сув чиқарса боғ, токзорга ярайдиган тепалик. Ёш, ғайратли фермер ниятини амалга ошириш учун Чандир қишлоғидан 20 километр узоқликдаги адирликдан 86 гектар ерни экин экиш учун тайёрлади.

Ўтган йиллар давомида ҳар йили 36 гектардаги ғалладан ҳам мўл ҳосил олинмоқда. 50 гектарда “Бухоро-6” навли ғўза парваришланиб, гектаридан 40 центнердан ошириб пахта етиштирилмоқда. Бу нав нимаси билан яхши, деб сўрарсиз. Турли касалликларга, сувсизликка чидамли, жуда серҳосил. Унумдор ер, сув бўлса, 50-55 центнергача ҳосил беради. Мунтазам равишда шартнома режасини бажариб келаётган ёш фермер бир неча марта “Nexia” ва “Damas” автомобилларига сазовор бўлди. 

Энг қизиғи нимада? Бу далада сув тескари оқади. Қандай дейсизми? Биз ҳам шунинг моҳиятини тушунмоқчи бўлиб фермернинг изоҳини тингладик. 

– Кейинги йилларда сув танқислиги бизни шунга мажбур қилмоқда, – дейди фермер. – Чўлда бўлгани учун ҳар йили ерларнинг шўрини ювиб, сувни зовурга ташлардик. Кўпчилик биладики, у гектарни адоғида, яъни эгатнинг охирида – пастликда бўлади. Эндиликда бу сувдан қайта фойдаланиш учун чўлга электр олиб бордик. Сўнгра атрофда йиғилиб қолган бу сувларни иккита электр насос ёрдамида юқорига – далага ҳайдашни йўлга қўйдик. Экинларимизни суғоришда фақат ана шу шўр сувдан фойдаланамиз. Натижа ёмон эмас, ернинг захи қочиб, ҳосилга барака кирмоқда.

Замонавий деҳқончилик фақат пахта, ғалла ва пилла дегани эмас. Балки қайта ишлаш корхоналари, сервис хизматларини йўлга қўйиш ҳам дегани. Кенжа ўйлаб қараса, Чандирда бу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар жуда кам экан. Шу сабаб ёш фермер дастлабки ҳосилдан олинган даромад эвазига аҳоли учун хизмат кўрсатадиган йирик савдо мажмуаси барпо этди. 

Ҳозирда ана шу икки қаватли мажмуа ишлаб турибди. Унда автомобиль эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат, уй-рўзғор анжомларидан тортиб, ветеринария дорихонаси-ю келинлар салонигача бор. Жорий йилда фермер янги мажмуа қуриш учун пойдевор ташлади. Буниси энди сутни қайта ишлаш цехи ва ёшларнинг спорт билан шуғулланишига мўлжалланган зал бўлади. 

“Чандир сардори” фермер хўжалигида 30 та доимий, 50 та мавсумий иш ўрни яратилган. Унинг раҳбари дўстлари билан туя боқади, йилқилар дупури адирни тутган. Кўплаб отлар орасидан “Мустанг” лақабли тулпор энг яқин ҳамроҳи. Келгусида хўжалик паррандачилик ва балиқчилик ҳисобига янада кенгайиши мўлжалланмоқда.

– Меҳнат қилган инсон элда азиз бўлиши, обрў топиши мумкинлигига ўзим мисол, – дейди К.Жомуродов. – Донолар бежиз “Барбод қилувчилардан бўлма, яратиш иштиёқи билан яша”, дейишмаган-да. Меҳнат ортидан ўнлаб техника ва комбайнга эга бўлдим. Бир нечта енгил автомобилларимиз узоғимизни яқин қилмоқда.

Ҳосилга яраша даромад ҳам зўр бўлмоқда. Қишлоғини обод қилишга киришган йигитга шу атрофда қаровсиз ётган ферма биноси хунук кўрина бошлади. Топган фойдасини шу бинони таъмирлашга сарфлади. Томни ёпиб, атрофни тартибга келтиришни бошлаб юборди. 2 минг бош қорамол сиғадиган ферма биносини қуриб битказди. Бугун эрта Украинадан 100 бош наслли қорамол келиш арафасида. Шу мақсадда “Қишлоқ қурилиш банк”дан икки миллиард кредит олди. Ҳозирча фермер 300 бош маҳаллий қорамолдан соғиб олинаётган сутни Қаршидаги сутни қайта ишлаш корхонасига етказиб бермоқда. 

Ёш фермернинг қизи Тўмарис бу йил мактабга чиқди. Тили бийрон қизалоқ кураш тушса, тенгдош болаларни ҳам бемалол йиқитади. У мустақиллик, фермерлик каби сўзларнинг мазмунини яхши англайди. Тўмарис улғайгач, тиккан либослари, яратган моделлари билан дунё кезиб, Ўзбекистон номини янада юксалтиришини истайди. 

Бу ният отасига бир олам куч-қувват бағишлаб, янги бунёдкорлик ишларига ундамоқда. Ажаб эмас, яқинда хўжаликда тикув цехи ҳам ишга туширилса.

Сайёра Шоева, ЎзА
11 001