Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.03.2017 14:46 Чоп этиш версияси

Сув таъминоти янада яхшиланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида “Қарши насос станциялар каскадини қайта тиклаш – III фаза” лойиҳаси билан ҳам танишди.

Ушбу лойиҳанинг амалга оширилишини қашқадарёликлар узоқ йиллар кутди. Лойиҳа амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши билан вилоятда янада мўл ҳосил етиштириш, миллион-миллион даромад қилиш, сув танқислиги кескин камайиб, йилига икки-уч марта ҳосил олиш имконияти яратилади.

Қарши насос станциялар каскади 1972-1975 йилларда қурилган бўлиб, вилоятнинг 392 минг гектар ёки салкам 80 фоиз ер майдонини оби-ҳаёт билан таъминларди. Лекин кейинги йилларда ушбу ирригация тармоғи эскиргани, қувур ва станцияларга Амударё сувининг лойқаси чўкиб қолгани сабабли сув исроф бўларди. Олинган сувга нисбатан энергия сарфи ошиб кетарди.

Тўғри, ушбу насос станциялар каскадида 2006-2010 йилларда енгил таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, I фаза лойиҳа доирасида 36 насос агрегати ҳамда 15 земснаряд учун эҳтиёт қисмлар харид қилиниб, уларнинг техник ҳолати яхшиланди. Бу ишлар учун жами 5 миллиард сўм маблағ сарфланди.

II фаза лойиҳаси доирасида биринчи насос станциясидаги 6 насос агрегатидан 3 таси чет элнинг модернизацияланган агрегатлари билан алмаштирилди. Бундан ташқари, 2 земснаряд, улар учун эҳтиёт қисмлар харид қилинди. Натижада янги 3 насос агрегатининг самарадорлиги эски насосларга нисбатан 25 фоиз ошди. Ушбу насос агрегатлари сув сатҳи 1 метргача пасайганда ҳам самарали ишламоқда. Каскад орқали йилига ўртача 455 миллион метр куб қўшимча сув олишга эришилиб, вилоятнинг сув таъминоти бир мунча яхшиланди. Йилига ўртача 3,2 миллион кВт/соат электр энергияси ёки 610 миллион сўм бюджет маблағи иқтисод қилинмоқда.

Шундай бўлишига қарамасдан, бугунги кунда насос станциялар каскадини ишлатишда кўплаб муаммолар сақланиб қолмоқда. Масалан, каскад қарийб 45 йилдан буён ёки белгиланган меъёрга нисбатан 1,8 маротаба кўп ишлатилмоқда. Жами 45 насос агрегатининг 94 фоизи техник ва маънан эскиргани уларни ишлатишда катта харажатлар талаб қилмоқда.

Каскад бўйича мавжуд 3 минг 820 метр босимли металл қувурнинг 79 фоиз қисми хизмат муддатини ўтаб бўлгани боис кўплаб авария ҳолати юз бермоқда. Бир сўз билан айтганда, насос станциялар каскадининг моддий-техник базаси бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган.

Қарши магистрал каналидан йилига ўртача 4,5 миллиард метр куб сув олиш учун каналнинг бош қисмида 12 миллион метр куб тозалаш ишларини бажариш талаб этилади. Аммо амалда бу кўрсаткич 7-8 миллион метр кубдан ошмаяпти. Бу Амударёдан лимит бўйича ажратилган сувни олишда муаммолар келтириб чиқармоқда.

“ЎзГИП” лойиҳа корхонаси томонидан “Қарши насос станциялари каскадини қайта тиклаш – III фаза” лойиҳасининг даслабки техник-иқтисодий асоси 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Ушбу лойиҳага 128 миллион 934 минг доллар маблағ сарфланади. НС-1 ва НС-2 оралиғидаги каналнинг 8 километр қисмини ва каналнинг чап қирғоқ дамбасини таъмирлаш режалаштирилган. 3 земснаряд ва эҳтиёт қисмлар харид қилинади. Каналнинг бош қисмидаги 20 километрлик участка лойқадан тозаланади.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 402 минг гектар суғориладиган майдоннинг сув таъминоти тубдан яхшиланади. Бу йилига 106,55 миллион кВт соат электр энергияси тежаб қолиш имконини беради. Энг муҳими, ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Илҳом Қурбонов,
Қарши магистрал каналидан фойдаланиш
бошқармаси бошлиғи.

ЎзА
3 941






Все о погоде - Pogoda.uz