ЎзА Ўзбек

11.12.2017 18:27 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда мингдан ортиқ фермер хўжалиги қишлоқда маҳсулотларни қайта ишлаш корхонаси барпо этган

Термиз шаҳридаги “Grant Almaz” тўйхонасида Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилояти аграр тармоғининг меҳнат фахрийлари, қишлоқ хўжалигининг илғор вакиллари ва уларга хизмат кўрсатувчи корхоналар раҳбарлари иштирок этган тадбирда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ердан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари, экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ва иқтисодиётимиз тараққиётини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам аграр тармоқни модернизация қилиш ва оптималлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Пахта ва бошоқли дон майдонларини қисқартириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, фермер хўжаликлари экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ер эгаларининг даромадини кўпайтириш, халқимизни арзон, табиий ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Шунга мувофиқ, соҳага кенг имтиёз берилиб, экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тармоқ ходимларининг экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича билимини мустаҳкамлаш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Юқори натижаларга эришаётган миришкор деҳқонлар меҳнати муносиб рағбатлантирилмоқда.

Сурхондарё вилоятида 9 минг 346 фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. 3 минг 543 фермер хўжалиги пахта ва ғалла парваришлаб, сифатли, мўл ҳосил йиғиб олмоқда. 2 минг 318 фермер хўжалиги мева-узум, 40 дан ортиғи сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирмоқда. 844 тасида чорвачилик, 25 тасида паррандачилик, 150 тасида балиқчилик ва 20 га яқинида асаларичилик йўлга қўйилган. Етиштирилаётган маҳсулотларнинг бир қисми экспорт қилинаётир.

Давлатимиз раҳбарининг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи воҳа миришкорларини бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга ундаб, янги марралар сари руҳлантирди.

Вилоятда 1 минг 100 кўп тармоқли фермер хўжалиги қишлоқда маҳсулотларни қайта ишлаш корхонаси барпо этиб, сервис ва бошқа хизматлар кўрсатишни йўлга қўйган. Бу билан аҳоли бандлигини таъминлашдек муҳим ишга кўмаклашаётир.

– Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланганидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди Музработ туманидаги “Рамазонов Темурмалик” фермер хўжалиги раҳбари Жамшид Холбўтаев. – Экин майдонларимизнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ерларни оптималлаштириш, сервис хизмати кўрсатиш сифатини юксалтириш, маҳсулотнинг эҳтиёждан ортиқ қисмини хорижга экспорт қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бизга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ифодасидир. Жорий йилда 22 гектар майдонда ғалла парваришлаб, давлат қабул пунктларига 48 тонна дон топширдик. 18 гектардаги шоли ҳосилининг 20 тоннадан ортиғини қабул пунктларига етказиб бердик. 30 тоннадан ортиқ дон ва 40 тоннага яқин шоли ихтиёримизда қолди. Ҳозир шолини қайта ишлайдиган ихчам корхонамиз бор. Келгусида замонавий жиҳозланган корхона қуришни мўлжалламоқдамиз.

Тадбир доирасида туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига хизмат автомашиналари, секторлар раҳбарлари ва бир гуруҳ илғор қишлоқ хўжалиги ходимларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорларнинг концерт дастури байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
11 377