Сурхондарёда 98 минг гектар ерга такрорий экин экилди
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 55 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 миллион долларга кўпдир. Йил охирига қадар яна 85 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотни хорижга жўнатиш режалаштирилган.
Сурхондарё вилоятида ҳосилдан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоят фермерлари 98 минг гектар майдондан ўртача 55 центнердан дон йиғиб олди. Ҳосилдан бўшаган ерларга дуккакли экин, ерёнғоқ, турли кўкатлар ва бошқа маҳсулотлар экилди. 43 минг гектар аҳоли томорқасида ҳам турли озиқ-овқат маҳсулотлари парваришланмоқда.Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 55 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 миллион долларга кўпдир. Йил охирига қадар яна 85 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотни хорижга жўнатиш режалаштирилган.
Бу Термиз шаҳрида жорий йилнинг 19 август куни ўтказилган халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сайёр анжуманида қайд этилди.
“Сурхондарё: бой мерос, туризм ва ислоҳотлар уйғунлиги” мавзусидаги тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури мамлакатимиз тараққиёти ва халқимизнинг янада фаровон ҳаётини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Рспубликаси Президентининг Сурхондарё вилояти, шаҳар ва туманлардаги Халқ қабулхоналари фуқароларнинг мурожаатларини тинглаб, улар ўртага ташлаётган таклиф ва муаммоларга қонуний ечим топишга кўмаклашаётгани юртимизда инсон манфаатини таъминлашда юксак самаралар бермоқда. Ўтган даврда қабулхоналарга 27 мингдан ортиқ ариза, шикоят ва таклиф келиб тушган. Уларнинг асосий қисми уй-жой, тоза ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши, тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ, тиббиёт, таълим каби соҳаларга оид масалалардир.
Анжуманда вилоят иқтисодиётини янада юксалтириш, бозорни арзон, сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, маҳаллий бозордан ортган қисмини хорижга экспорт қилиш, туризм салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида вилоят иқтисодиётида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизация ва диверсификация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш ҳисобидан 2 триллион сўмликдан ортиқ маблағ эвазига 1 минг 912 лойиҳа амалга оширилиб, 17 минг иш ўрни яратилади. 218 ижтимоий объектда 505 миллиард сўмлик иш бажарилади.
Сурхондарё – ер ости табиий бойликларига бой вилоят. Айни пайтда Бойсун туманида газни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шеробод ва Жарқўрғон туманларида цемент заводлари барпо этилаётир. Шарғун кўмир конига 100 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобидан унинг йиллик қуввати ҳозирги 360 минг тоннадан 900 минг тоннага етказилади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар, жумладан, саноатни ривожлантириш масалалари чуқур муҳокама этилиб, бу йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Шу асосда қамишдан қурилишда ишлатиладиган ДСП материали ишлаб чиқариш корхонаси бунёд этилди. Замонавий жиҳозланган корхона кунига 5 минг квадрат-метр сифатли, арзон маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. 365 миллион доллар маблағ эвазига барпо этилаётган 15 енгил саноат корхонаси келажакда пахта толасини вилоятнинг ўзида тўлиқ қайта ишлаш имконини беради. “Gold dried fruts” масъулияти чекланган жамиятида қайта ишланаётган мева-сабзавотлар дунёнинг турли давлатларига экспорт қилинмоқда.
Вилоятда 360 дан ортиқ маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Ўзининг ноёб тарихий обидалари, бой археологик ёдгорликлари ва ранг-баранг миллий ҳунармандлик буюмлари билан машҳур вилоятда мустақиллик йилларида туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сурхондарё вилоятининг 2017-2018 йилларда туризм соҳасини комплекс ривожлантириш дастурига мувофиқ, сервис ва хизмат кўрсатиш янги босқичда давом эттирилмоқда. Замонавий туризм инфратузилмаси яратилиб, тарихий обидалар реконструкция қилинмоқда. Япон усулида боғ ва меҳмонхоналар ташкил этилаётир. Омонхона, Сангардак, Вахшивор каби мафтункор табиат қўйнидаги ҳудудларда экотуризм йўлга қўйилаётир. Воҳанинг сержило рақс санъати ва миллий ҳунармандлигини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.
– Бугунги кунда нафақат ички, балки ташқи туризм ҳам йилдан-йилга ривожланмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили Шуҳрат Иброҳимов. – Йилнинг ўтган даврида вилоятга 4 мингга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюргани фикримиз тасдиғидир. Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори хорижлик туристлар оқимини кўпайтириш бўйича мавжуд салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтирди. Ушбу ҳужжатда миллий туризм маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда фаол ва комплекс илгари суришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бу сайёҳлар оқимини янада кўпайтириб, валюта тушумини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдек муҳим масалаларни ҳал этишга кўмаклашади.
Сайёр анжуманда телефон орқали аҳоли томонидан билдирилган уй-жой, табиий газ ва ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт каби соҳаларга оид таклиф ва ташаббуслар ҳам кўриб чиқилди.