Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 16:31 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда 100 га яқин фуқаро ишли бўлди

Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси, туман ҳокимлиги ва туман ички ишлар бўлими ҳамкорлигида муқаддам судланган ишсиз фуқаролар, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахслар ва бошқа иш билан банд бўлмаган аҳоли учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Тумандаги 38 корхона, ташкилот ва муассаса 377 бўш иш ўрни билан иштирок этган тадбирда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Ишсиз фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этиш ҳолатлари учраб турибди, – дейди Термиз тумани прокурори ўринбосари А.Холиёров. – Улар орасида муқаддам судланган ишсиз шахслар ҳам бор. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси кунида ташкил этилган мазкур тадбирда муқаддам судланиб, ишсиз юрган 100 га яқин фуқаро мавжуд бўш иш ўринлари билан танишиб, муносиб иш танлашга муваффақ бўлди. Бу вақтинча ишсиз фуқаролар ўртасида жиноятлар содир этилишининг олдини олишда муҳим омил бўлади.

Меҳнат ярмаркасида иштирокчиларнинг кўпчилиги Термиз туманлараро агрокимё филиали ва “Шингдонг спиннинг Термиз” қўшма корхоналаридаги бўш ўринларга ишга жойлашиш учун йўлланма олди. 30 дан ортиқ фуқарога бўш иш ўринлари ва ишга жойлашиш юзасидан ҳуқуқий маслаҳат берилди.

– Анчадан буён ўзимга муносиб иш излаб юрган эдим, – дейди тумандаги Орол маҳалласида яшовчи С.Турдимуродов. – Ушбу тадбирда “Шингдонг спиннинг Термиз” қўшма корхонасидаги иш менга маъқул келди ва у ерда ишлашга қарор қилдим. Замонавий бу корхонадаги шароит ва меҳнат ҳақи ҳам манзур бўлди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
2 013






Все о погоде - Pogoda.uz