ЎзА Ўзбек

19.06.2019 21:49 Чоп этиш версияси

Сурхондарё ғаллакорларининг ғалабаси

Сурхондарё ғаллакорларининг ғалабаси

Сурхондарё вилояти ғаллакорлари мамлакатимизда биринчи бўлиб давлатга ғалла топшириш режасини бажарди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вилоятнинг давлатга дон сотиш режаси 266,2 минг тоннани ташкил этиб, амалда 100 фоиздан ошириб бажарилди. Хусусан, Ангор тумани 142, Жарқўрғон, Музробод, Термиз ва Сариосиё туманлари – 107-110 фоиз, Бойсун, Қизириқ ва Шеробод туманлари – 101-103 фоизлик кўрсаткичга эришди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 сентябрдаги “2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудда жорий йил ҳосили учун 93 минг гектар суғориладиган ва 4,2 минг гектар лалми майдонларда кузги бошоқли дон экинларини экиш ишлари амалга оширилди. Суғориладиган майдонларда тизимли равишда “занг” касаллиги, зараркунандалар ва бегона ўтларга қарши профилактик кимёвий ишловлар ўтказилди. Бундай ишларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда омилкор деҳқон ва фермерлар катта жонбозлик кўрсатди.

Айни пайтда вилоятдаги ғалла далаларида ўрим ишлари қизғин давом этмоқда. 


ЎзА
8 992