Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.11.2017 16:07 Чоп этиш версияси

Суғурта хизматлари такомиллашмоқда

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида "Ўзагросуғурта" акциядорлик жамияти матбуот анжумани ўтказди.

Унда жамият тизимида суғурта даъволарини кўриб чиқишни такомиллаштириш, мижозларга етказилган зарарни тез муддатда тўлаб беришни таъминлаш эътибордалиги, жорий йилнинг 9 ойида 15 минг 472 та ариза бўйича 82 миллиард сўмлик суғурта тўловлари амалга оширилгани таъкидланди.

– Йилдан-йилга аҳолининг суғурта хизматлари, суғурта товони олиш тартиби ва рад этилиши борасидаги билимлари ошиб бормоқда, – дейди "Ўзагросуғурта" акциядорлик жамияти бош менежери Абдурашид Ваҳобов. – Шунга қарамасдан кўп ҳолларда кеч мурожаат қилинганидан зарар миқдори ва ҳодиса сабабларини тўлалигича аниқлаш имкони бўлмайди. Бунда даъволар рад этилади.

Мисол учун, йўл ҳаракати ҳодисаси юз берганда 72 соат мобайнида хабар бериш белгиланган. Бунда ҳодиса натижасида фуқаро тушиши мумкин бўлган жисмоний ва руҳий ҳолатлар инобатга олиниб, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, умумий даъво муддати уч йилгача белгиланган. Қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаро мурожаат қилгандан кейин 15 кун муддатда даъвони рад этиш ёки тўлаш борасида жавоб берилади.

Жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, жисмоний ва юридик шахслар билан қарийб 2 миллион суғурта шартномаси тузилган, суғурта мукофотлари тушуми 105,8 миллиард сўмни ташкил этган. Аҳолига кўрсатилаётган суғурта хизматлари кўламини кенгайтириш мақсадида имтиёзли суғурта тарифларини қўллаган ҳолда акциялар ташкил этилмоқда. "Ёнғиндан сақланинг" деб номланган акция доирасида "Бунёдкор", "Тежамкор", "Тадбиркор", "Манфаатдор" каби суғурта полислари ишлаб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги қарорига кўра, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида паррандачилик маҳсулотлари, лимон, унаби, ёнғоқ етиштириш ва иссиқхоналар ташкил этиш учун тижорат банклари ажратаётган кредитларни суғурта қилиш учун 956 та суғурта шартномаси тузилиб, имтиёзли 1 фоиз тариф ставкаси белгиланган.

Матбуот анжуманида "Ўзагросуғурта" акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар ҳақида оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумотлар берилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
2 514






Все о погоде - Pogoda.uz