ЎзА Ўзбек

27.02.2019 Чоп этиш версияси

Солиқ тизимидаги ўзгаришлар банк ходимлари нигоҳида

Солиқ тизимидаги ўзгаришлар банк ходимлари нигоҳида


Мамлакатимизда солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли амалга ошириш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш Концепцияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш мақсадида ҳудудларда ўқув-семинарлар, учрашувлар ўтказиб келинмоқда.

Яқинда “Агробанк” АТБ Бош офисида “Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг моҳияти ва асосий жиҳатлари” мавзусига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Жўрақул Саттаров, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси иқтисодиёт фанлари доктори Исламбек Ниязметов, банкнинг раҳбар-ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.

Семинарда қулай рақобат муҳити яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш концепциянинг асосий мақсади экани алоҳида таъкидланди.

– Мамлакатимизда қўлланилиб келинаётган даромад солиғи, фойда солиғи, мол-мулк солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва шу каби солиқ ставкалари ҳақида қонун ва қарорда келтириб ўтилган ўзгаришлар иқтисодий ислоҳотлардаги муҳим босқичлардан биридир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси иқтисодиёт фанлари доктори Исламбек Ниязметов. – Албатта, шу ва бошқа бир қатор соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад адолатли солиқ тизимига ўтишдир. Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган солиқнинг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида белгиланиши натижасида тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратиб беряпти. Бундай жараён ходимларни рағбатлантириш, қўшимча шароитлар яратиш, ишчининг ўз ишидан мамнун бўлишига олиб келади.

Тадбирда Агробанк ходимлари ва мижозларга қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш ҳамда бюджет билан ўзаро муносабатлар, солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хусусида ҳам маълумотлар бериб ўтилди.

Яъни қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, ижтимоий ҳаётга таъсири, солиқларни соддалаштирилиши, солиқ ставкаларини пасайтирилиши, бизнесни хуфиёна иқтисодиётдан очиқ ишлашга чиқариш ҳамда инвестицион жозибадорликни ошириш каби масалалар юзасидан тақдимотлар қилинди.

Ўқув-семинар давомида Агробанк ходимлари ва тадбир иштирокчилари солиқ сиёсати концепцияси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда яратилаётган қўшимча қийматга солиқни жорий этиш хусусида тушунчаларга эга бўлдилар.

Мулоқотда тадбиркорлар ва Агробанк мижозларини қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.


9 023
ЎзА