Солиқ тизимида қандай ўзгаришлар бор?
Солиқ қонунчилигида қандай ўзгартириш ва янгиликлар бўлди? Тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилмоқда? Молк-мулк солиғи ҳақиқатдан ҳам ошдими?
Солиқ қонунчилигида қандай ўзгартириш ва янгиликлар бўлди? Тадбиркорларга қандай имтиёзлар берилмоқда? Молк-мулк солиғи ҳақиқатдан ҳам ошдими?
Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган кўргазмали семинарда тадбиркорлик субъектларига ана шулар ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг солиқ юкини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар, жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилаётган енгиллик ва имтиёзлар ўз самарасини бераётир. Биргина 2017 йилда вилоятда фаолият юритаётган хўжалик субъектларининг 7 мингдан ортиғига 326 миллиард сўмдан ортиқ солиқ имтиёзи қўлланилган. Мазкур субъектлар иқтисод қилинган маблағни самарали йўналтириб, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлди.
Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда ҳам солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш механизмини ҳар жиҳатдан соддалаштиришга, солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Кўргазмали семинарда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Султонов ва бошқалар солиқ тизимидаги бу каби ўзгартириш ва имтиёзлар тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Биринчи навбатда, фойда ва ободонлаштириш ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бирлаштирилди. Илгари фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8 фоизни ташкил этган. Эндиликда ушбу солиқ ставкаси аввалги 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди ҳамда чегириладиган харажатлар таркиби кенгайтирилди. Хусусан, Солиқ кодексининг 147-моддасида келтирилган 28 турдаги солиқ солиш базасидан чегирилмайдиган харажатлардан 10 тасини чегириш имкони берилмоқда.
Солиқ кодексининг 6 моддасига ўзгартириш киритилиб, юридик шахслар учун мол-мулк солиғи объектидан кўчар мулклар чиқарилди. Таъкидлаш жоиз, айни вақтга қадар мол-мулк солиғи объектига кўчмас мулкдан ташқари машина ва ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа кўчар тусдаги асосий воситалар кирар эди.
Солиқ кодексининг тегишли 3 моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисобланиши ҳамда солиқнинг асосий ставкаси кадастр қийматига нисбатан 0,2 фоиз (2017 йилда 1,7 фоиз эди) миқдорида ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан (2017 йилда 3 миллион сўм) кам бўлмаслиги белгиланди.
Кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда солиқ ҳисоблаш учун Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида 210 миллион сўм ҳамда бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати ўрнатилди.
Шу билан бирга, солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилгига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди. Бунда Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар мол-мулкининг кадастр қийматини аниқлаш тартибини бир ой муддатда тасдиқлаш топширилди.
Семинарда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб берилди.