Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2017 16:40 Чоп этиш версияси

Солиқ тўловчилар учун амалий семинар

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармасида солиқ тўловчилар томонидан ҳисоботларни тузиш ва тақдим этишда юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш, солиқ қонунчилигидаги янгилик ва ўзгаришлар мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш масалаларига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси мутасаддилари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг ролини тубдан ошириш, уларни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, ишбилармонлар манфаатини ишончли ва самарали ҳимоя қилиш, солиқ юкини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Мамлакатимизда қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар тадбиркорлар учун кенг имконият ва имтиёзлар яратмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Эшматов. – Бугунги тадбирда ҳам Президентимизнинг соҳага доир янги фармон ва қарорлари мазмун-моҳияти мутахассислар томонидан атрофлича тушунтирилди. “Тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш учун берилган солиқ имтиёзлари ва преференциялари”, “Солиқ ҳисоби ва ҳисоботларини электрон шаклда тузиш ҳамда топшириш масалалари”, “2017 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар” мавзуларида маърузалар тингланди. Солиқ ҳисоботларини ўз вақтида топшириш борасидаги айрим муаммолар ечими бўйича кенг маълумот берилди.

Семинарда солиқ тўловчилар томонидан ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш юзасидан фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
1 785






Все о погоде - Pogoda.uz