ЎзА Ўзбек

15.07.2019 17:29 Чоп этиш версияси

Солиқ сиёсатидаги навбатдаги ўзгаришлар аҳолига қандай таъсир қилади?

Солиқ сиёсатидаги навбатдаги ўзгаришлар аҳолига қандай таъсир қилади?
Муносабат 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Президентимизнинг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унда 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга ўтиши қайд этилган.

Савол туғилади: хўш, бунинг нима зарурати бор эди? Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермер ва бошқа корхоналарнинг қўшилган қиймат солиғига ўтказилиши туфайли нархлар ошиб кетмайдими? Бу эса аҳолига қийинчиликлар туғдирмайдими?

Яхши биласиз, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нархи ошиши табиий ҳолат. Бусиз иқтисодий барқарорликка эришиш мумкин эмас.

Бироқ Президентимиз фармонида илгари сурилган масалаларга тўғри ёндашиш ва ислоҳотлар жараёнида халқ ҳисобидан ортиқча даромад орттириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг нархлари сунъий ошишига йўл қўймаслик учун барчамиз масъулмиз. Шунинг учун аҳоли кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида ишлатиладиган маҳсулотларнинг нархлари кескин ошиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур.

Қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлардан қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар фақат ўз манфаатини кўзламасдан, аввало, халқимизнинг турмуш шароитини яхшилашни ўйлаб фойдаланса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу маънода, фермер хўжалиги ўзи етиштирган маҳсулотнинг реализация этилишида ва фармон талабларини тўғри бажариш, энг муҳими, бозорларда айрим тадбиркорларимиз томонидан маҳсулотларнинг нархлари сабабсиз ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида жамоатчилик ва тегишли назорат органлари томонидан ўрганиш ишларини олиб бориш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Хўш, нарх-наво борасида аҳоли ҳадиги нимадан иборат?

Келинг, буни, аввало, бир-икки маҳсулот – чорвачилик фермер хўжалиги томонидан гўшт етиштириш мисолида ҳисоб-китоб қилиб чиқсак.

Дейлик, 1 килограмм гўшт маҳсулотини етиштириш таннархи ўртача 38 минг 75 сўм. Шундан меҳнат ҳақлари 2 минг 300 сўм, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 275 сўм, минерал ўғитлар учун 31 минг сўм, суғориш харажатларига, электр энергия 200 сўм, бошқа харажатларга (10 фоиз) 4500 сўм, сотиш нархи 45 минг сўм, яъни 6 минг 925 сўм соф фойдага эришилмоқда. Рентабеллик 18,2 фоизни ташкил қилган бўлса, фармон қабул қилингандан кейин ушбу фермер хўжалиги учун 1 килограмм гўшт таннархи ўртача 32 минг 113 сўмга тушади. Яъни таннарх 5 минг 963 сўмга камайиши керак.

Негаки, айрим харажатлар ҚҚС билан амалга оширилган, меҳнат ҳақлари 2300 сўм (ўзгаришсиз), ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 229 сўм (- 46 сўм), минерал ўғитлар учун 25 минг 833 сўм (-5167 сўм), суғориш харажатларига ва бошқа харажатларга (10 фоиз) 3 минг 750 сўм (-750 сўм), сотиш нархи 48 минг 375 сўм, шундан (ҚҚС) 8062 сўм ҳисобланди.

Энди ушбу ҳисобланган суммадан ҚҚС билан қилинган харажатларни чегириб ташлаш керак. Яъни 5 минг 996 сўм чегирилади. Қолган 2067 сўм бюджетга солиқ тўланиши лозим. Соф фойда эса 8 минг 200 сўмни ва рентабеллик 25,5 фоизни ташкил қилмоқда.

Бу дегани маҳсулот ишлаб чиқарган ташкилот ҳеч қандай зарар кўрмайди. Лекин аҳолига сотилаётган гўшт нархи 3375 сўмга – 7,5 фоизга, яъни 48375-45000 сўмгача ошиши керак.

Иккинчи мисол. Амалда фермер хўжалиги томонидан шоли маҳсулотини етиштириш механизмини таҳлил этадиган бўлсак, 1 килограмм гуручнинг таннархи ўртача 5 минг 40 сўм, меҳнат ҳақлари 2 минг 500 сўм, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари 564 сўм, минерал ўғитлар учун 607,3 сўм, уруғлик учун 468,5 сўм, механизатор харажатларига 200 сўм, бошқа харажатларга (10 фоиз) 700 сўм, сотиш нархи 7 минг сўм, яъни 1 минг 960 сўм соф фойдага эришилмоқда. Рентабеллик 38,9 фоизни ташкил қилган бўлса, фармон қабул қилингандан кейин ушбу фермер хўжалиги томонидан етиштирилган 1 килограмм гуручнинг таннархи ўртача 4 минг 617 сўмни ташкил қилади. Яъни нарх 424 сўмга камайиши керак.

Негаки, айрим харажатлар ҚҚС билан амалга оширилган (меҳнат ҳақлари 2 минг 500 сўм (ўзгаришсиз), ёқилғи-мойлаш маҳсулотларига 470 сўм (-94 сўм), минерал ўғитлар учун 506 сўм (-101 сўм), уруғлик учун 390 сўм (-78 сўм) механизатор харажатларига 167 сўм (-34 сўм), суғориш харажатларига, бошқа харажатларга (10 фоиз) 584 сўм (-117сўм), сотиш нархи 7 минг 700 сўм, шундан ҚҚС 1 минг 283 сўм ҳисобланди.

Энди ушбу ҳисобланган суммадан ҚҚС билан қилинган харажатларни чегириб ташлаш керак. Яъни 590 сўм чегирилади, қолган 693 сўм бюджетга солиқ тўланиши лозим. Соф фойда эса 1 минг 800 сўмни ва рентабеллик эса 39 фоизни ташкил этмоқда. Бу маҳсулот ишлаб чиқарган хўжалик ҳеч қандай зарар кўрмайди, деганидир.

Лекин аҳолига олдин 7000 сўмдан сотилаётган гуруч нархи 10 фоизга оширилиб, 7 минг 700 сўмга чиқиб кетиши кутилади.

Куни кеча Президентимиз томонидан жорий йилнинг 1 августидан эътиборан республика бўйича энг кам иш ҳақи 10 фоизга оширилгани эълон қилинди. Демак, ушбу фармон юқоридаги каби нархлар ошишининг аҳоли иқтисодига таъсирини сезиларли даражада камайтиришни таъминлайди.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан яқинда имзоланган солиқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган фармон ҳам аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, мамлакатимиз тараққиётини изчил таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА
4 626