Солиқ хизматлари ва оммавий ахборот воситалари
Урганчда “Тадбиркорлик ривожи – фаровонлик гарови” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Урганчда “Тадбиркорлик ривожи – фаровонлик гарови” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларининг самарали фаолият юритиши учун янада қулай шароит яратиш, турли солиқ имтиёзлари бериш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа бир қатор ҳужжатлар асосида турли йўналишлар бўйича енгиллик ва имтиёзлар берилди, айрим имтиёзлар муддати узайтирилди.
– Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг жорий йилги асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари, кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик жуда муҳим, – дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ҳ.Раҳматов. – Бугунги тадбирда вилоят давлат солиқ бошқармаси мутасаддилари “Тадбиркорлик ривожи – фаровонлик гарови”, “Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари” каби мавзуларда маърузалар қилди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик алоҳида қўллаб-қувватланаётгани барқарор иқтисодиёт ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг манбаи бўлган солиқ тушумлари ортишига олиб келмоқда. Тадбирда журналистларга давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунча берилди.