ЎзА Ўзбек

07.12.2018 12:40 Чоп этиш версияси

Солиқ борасидаги имтиёз пиллачилик соҳасига ҳам жорий этилди

Солиқ борасидаги имтиёз пиллачилик соҳасига ҳам жорий этилди

Юртимизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнига замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажмини ошириш, тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аммо амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамасдан, ҳанузгача пилла хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммолар бор.

Янги интенсив тутзорлар ва тут қаторлари барпо этишни рағбатлантириш, тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Илғор технологиялар, инновацион ғоялар, илмий ишланмалар ва илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш, пилла хомашёсини чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош тайёр ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларнинг турларини кўпайтириш зарур.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 декабрдаги “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.

Қарордаги аҳолини иш билан таъминлаш ва уларнинг даромадларини ошириш мақсадида пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан томорқа ер эгаларига 50 бошдан 90 кунлик парранда ва тут кўчатларини шартнома асосида бепул етказиб бериш ҳақидаги маълумот бизни жуда қувонтирди. Бу соҳа ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2019 йилдан бошлаб уюшма таркибига кирувчи ташкилотларнинг пилла ҳосили учун контрактация шартномаларида белгиланган миқдорлардан ортиқча пилла топширилганида 5 килограммгача ортиқча пилла ҳосили харид нархига нисбатан 15 фоиз, 5 килограммдан юқори бўлган қисмига 25 фоиз миқдорида устама тўланиши яна бир бор рағбатлантириш вазифасини ўтайди.

Шунингдек, пиллачилик тармоғидаги лойиҳаларнинг қиймати ва уларни амалга ошириш учун зарур бўлган валюта туридан қатъи назар, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотларнинг ипак қурти уруғини сотиб олиш, тутзорлар барпо қилиш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилишда имтиёзлар берилади. Ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 2019-2021 йилларда ажратиладиган банк кредитлари фоиз харажатларини қоплаш учун тижорат банклари томонидан белгиланган кредит ставкасининг 50 фоизи, бироқ 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда компенсация тақдим этилади.

Уюшма таркибига кирувчи ташкилотлар 2023 йил 1 январга қадар мол-мулк ва ер солиқларидан озод этилди. Бугунги кунда барча соҳаларга кенг имтиёз ва имкониятлар берилаётгани бор гап. Қарангки, солиқ борасидаги имтиёз пиллачилик соҳасига ҳам жорий этилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида бўшайдиган маблағлар ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, шу жумладан, технологик ускуналар сотиб олиш учун ишлатилиши белгиланган. Демак, ҳам имтиёзларга эга бўламиз, ҳам замонавий технологиялардан фойдалана оламиз.

Белгиландики, имтиёз қўлланилганидан кейинги йилдан бошлаб 3 йил давомида ҳар йили ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг камида 50 фоизини экспорт қилиш, имтиёзни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағларни технологик ускуна олиб кирилган кундан бошлаб дастлабки 2 йил ичида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида технологик ускуналар сотиб олиш учун мақсадли тарзда йўналтирилади.

Бизни қувонтирадигани, пилла боққанларга иш стажи ҳам ёзилади. Вақтинча ишсиз бўлганлар учун бу жуда қулай имконият. Биргина Фарғона туманида 17 тутзор ҳудуди, 92 гектар тутзор бор. Ҳозирги кунда ҳамма тутзорларда ерга ишлов бериш, ўғит солиш, тут кўчатларини экиш ишлари амалга оширилаяпти. Ўз ҳудудимда 3,5 гектар майдон бор. Қатор оралаб камчилиги бор жойларга ишлов берилаяпти. Барча фермер хўжаликлари билан шартномалар тузилади. Пиллани парваришлайдиган мутахассисларимизга етказишгача бўлган жараённи йўлга қўямиз. Бу йил уч марта пилла боқдик. Биринчи ва иккинчи мартада бироз қийинчиликлар бўлди. Аммо учинчисида самарали натижаларга эришдик. Бу йилда туманимизнинг пилла плани 132 тонна эди, аммо 160 тонна ҳисобида бажарилди. 

Соҳада қиладиган иш кўп. Уни ривожлантириш зарур. Президентимизнинг қарорида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тармоқ ташкилотлари ходимларини ихтисослашган олий таълим муассасаларидаги “Ипакчилик ва тутчилик” таълим йўналиши бўйича сиртқи бўлимларга белгиланадиган қабул квоталаридан ташқари тўлов-контракт асосида тест синовларисиз қабул қилиш тартиби жорий этилиши белгиланди. Бунда ҳам ишлаб, ҳам таҳсил олиш имконияти туғилади.

Соҳа ривожи учун имкониятлар берилаяпти. Фақат ишончни оқлаб меҳнат қилиш керак.

Шоҳида Охунова,
Фарғона вилояти, Фарғона туманидаги
“Агропилла” МЧЖ ҳудуд агрономи,
"Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
пиллачи" фахрий унвони соҳиби.   

ЎзА
2 863