Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

20.05.2019 17:22 Чоп этиш версияси

Солиқ қарздорлигини дебиторлардан ундириш мумкинми?

Солиқ қарздорлигини дебиторлардан ундириш мумкинми?

Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида ўз вақтида тўлов қобилияти бўлмаган 637 хўжалик юритувчи субъектнинг 52,7 миллиард сўм солиқ қарздорлиги аниқланди.

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 62-моддасида солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларидан бири ундирувни солиқ тўловчининг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга қаратиш белгилаб қўйилган, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси солиқ қарзини ундиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи А.Алимардонов. – Шунга мувофиқ ушбу қарздорликни уларнинг дебиторлари ҳисобидан ундириш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, йилнинг ўтган даврида воҳадаги 291 корхонанинг 19,9 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги уларнинг дебиторлари ҳисобидан ўндирилди. Бу маблағнинг 31 фоизи Денов, 22 фоизи Қумқўрғон, 18 фоизи Жарқўрғон туманларига тўғри келмоқда. Термиз шаҳрида муддатида тўлов қобилиятига эга бўлмаган хўжалик юритувчи субьектларнинг 8 фоиз қарздорлиги дебиторлари ҳисобидан ундириб берилди. Қолган туманларда бу кўрсаткич 1-5 фоизни ташкил этмоқда.

Солиқ кодексининг 64-моддасида ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторларидан ўтказилиши лозим бўлган суммаларга қаратиш тартиби белгиланган бўлиб, мазкур ҳужжатнинг 61 моддаси биринчи қисмида кўрсатилган муддатда солиқ қарзини узмаган юридик шахслар солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан ўн кунда давлат солиқ хизмати органларига дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси ёки тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида ёзма билдириш тақдим этиши керак. Давлат солиқ хизмати органлари қарздорлар билан ўзаро ҳисоб-китобнинг солиштирма далолатномасини олган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмай ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторларидан ўтказилиши лозим бўлган суммага қаратади.

– Туман давлат солиқ инспекциясининг ёрдами билан 5 та дебитор корхонамиздан 2 миллиард 676 миллион сўм маблағимиз ундирилиб, солиқ қарздорлигимиз тўлиқ ёпилди, – дейди Денов туманидаги “SAVB” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси И.Аҳмедов. – Мисол учун, "FAYZ SHAROB SAVDO" масъулияти чекланган жамияти анчадан буён 1 миллиард 201 миллион 800 минг сўм қарзини тўламай келаётган эди. Бу маблағ ундирилиб, қорхонамизнинг солиқ қарздорлигига йўналтирилди. Бунинг эвазига биз ҳар куни солиқ қарздорлиги учун ҳисобланаётган 0,045 фоиз ёки 54,1 минг сўм миқдоридаги пеня тўлашдан озод бўлдик.

Вилоятда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА