07.09.2018 15:42 Чоп этиш версияси
“Sof tekstil“ ип йигирув фабрикаси йилига 5 минг тонна тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга

Андижон вилоятининг Улуғнор тумани “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида “Sof tekstil“ ип йигирув корхонаси ишга тушди.
Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжудларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда.
“Водий саноат фахри“ масъулияти чекланган жамияти негизида ташкил этилган “Sof tekstil“ ип йигирув фабрикаси ҳам ана шундай корхоналардан бири. Корхонага замонавий тўқув дастгоҳлари ўрнатилиб, илғор технологиялар билан жиҳозланди.
– Лойиҳани амалга ошириш учун 120 миллиард сўм маблағ сарфланди, – дейди корхона бош директори Сардор Умаров. – Корхонамиз йилига 5 минг тонна тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг 40 фоизи ички бозорда сотилади, 60 фоизи эса экспорт қилинади.
250 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган фабрикада ишчи-хизматчилар самарали ишлаши учун барча шароит яратилган.
– Касб-ҳунар коллежини бир неча йил аввал битирган бўлсам-да, ишсиз эдим, – дейди Шоҳиста Ҳотамова. – Мана энди маҳалламизда барпо этилган замонавий фабрикага ишга қабул қилиндим. Бундан оиламдагилар ҳам жуда хурсанд.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА