ЎзА Ўзбек

23.03.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Сирдарёда чигит экиш 10 иш кунида якунланади

Сирдарёда чигит экиш 10 иш кунида якунланади
Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги "Истиқлол" сув истеъмолчилари уюшмасида чигит экишга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Жорий мавсумда вилоятдаги 3 минг 766 фермер хўжалиги билан 223 минг 800 тонна пахта етиштириш бўйича шартномалар тузилди. Юқори ҳосилдорликка эришиш учун чигит экиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди. Президентимизнинг 2018 йил 4 январдаги қарорига асосан вилоятга 54 янги қўш қаторли сеялкалар берилди. Экиш мавсуми бошлангунга қадар яна 50 сеялка олиб келиниши кўзда тутилган.

1.JPG

– Ўтган йилги экиш мавсумида йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, чигитни қисқа фурсатларда экиш, уруғни ернинг намига ундириб олиш учун 277 ер тайёрлаш отряди шакллантирилди, – дейди вилоят ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги котибияти мудири И.Раҳимов. – Ушбу отрядларга 4 минг 644 сеялка, юқори унумли техника, узун базали, кичик ер текислагич, борона, катта-кичик чизел ҳамда бошқа зарур автотранспорт воситалари бириктирилди. Ўтган йилги экиш мавсумида техника етишмаслиги натижасида экиш ишлари салкам бир ойга чўзилиб кетган эди. Жорий йил экиш жараёнига жалб қилинган техника ва ишчи кучи бир кунда 6 минг 649 гектар ерни тайёрлаш имкони мавжуд. Ер тайёрлаш ишлари 2 сменада олиб борилади. Вегетация даврида бегона ўт чопиғини бир мартага камайтириш мақсадида чигит экиладиган майдонлар тўлиқ 2 марта чизел қилиб экилади. Чигит экиш ишлари 1 апрелдан бошланиб, 10 иш кунида ниҳоясига етказиш режалаштирилмоқда.

4.JPG

Шунингдек, чигит экиш жараёнида гектарига ўртача 45 килограммдан талаб этиладиган жами 3 минг 900 тонна уруғлик, 39 уруғлик тарқатиш шохобчаси захираси яратилди. Чигит экиш пайтида ҳар гектар ерга 150 килограммдан фосфорли, 50 килограммдан калийли ўғит қўшиб экилиши ҳам доимий назоратда бўлади.

1 (1).JPG

Экиш мавсумида иштирок этаётган ишчиларни моддий рағбатлантириб бориш мақсадида “Бунёдкор гўшт-сут савдо инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан 16 тонна ўсимлик ёғи ва 166 тонна ун маҳсулотлари захираси яратилди.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
16 902