ЎзА Ўзбек

08.01.2019 09:00 Чоп этиш версияси

Сингапур: коррупцияга қарши кураш тажрибаси

Сингапур: коррупцияга қарши кураш тажрибаси 1965 йил мустақилликка эришган даврга қадар Сингапур замонавий коррупциялашган мамлакатлардаги манзарани эслатувчи вазиятга тушиб қолганди. Мамлакат ўта оғир иқтисодий кунларни бошдан кечирар, жамиятда қонунсизлик ҳукм сурарди…

Бир томондан қонунчилик узоқ Англиядан, яъни Британия мустамлакачилари томонидан импорт қилинган, иккинчи томондан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уюшган жиноятчиликка курашиш қобилиятига эга эмасди. Амалдорларнинг аксарияти эса коррупция ботқоғига ботиб бўлганди. Аҳолининг кўпчилиги саводсиз бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилолмасди. Мамлакат раҳбарлари коррупция ва ўзибўларчиликни илдизи билан қўпориб ташлаш кераклигини, бусиз мамлакатнинг келажаги йўқлигини тушуниб етди. Бу эса қатъийлиги ва изчиллиги билан ажралиб турувчи бутун бир чоралар тизимини қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Амалдорларнинг ҳаракатлари йўлга солинди, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, юқори ахлоқ-одоб стандартларига риоя этиш устидан кучли назорат таъминланди. Мазкур чораларни ҳаётга татбиқ этган ва ўз ваколатларини бугунгача сақлаб қолган орган – коррупция ҳолатларини тергов қилувчи махсус Бюро иллатни маҳв этишда улкан роль ўйнади. Фуқаролар Бюрога давлат хизматчиларининг ҳаракатлари устидан шикоят билан мурожаат қилишар ва зиённи ундириб беришни талаб қиларди.

Бир вақтнинг ўзида коррупция ҳаракатлари учун жиноий жазо кучайтирилди, суд тизими мустақиллиги оширилди, судьяларнинг маошлари кескин оширилди, уларнинг ижтимоий мақоми таъминланди, пора берганлик ёки коррупцияга қарши терговда иштирок этишдан бўйин товлаганлик учун сезиларли иқтисодий жазо жорий этилди. Кўплаб давлат ташкилотларида барча ходимларни ишдан ҳайдашгача бўлган қаттиқ чоралар кўрилди. Ушбу чоралар давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтириш, амалдорларнинг маошини ошириш, малакали маъмурий кадрларни тайёрлаш орқали амалга оширилди. “Фоиз”, “тақдирлаш”, “бакшиш” – маҳаллий жаргонда коррупцияни қандай аташмасин, у осиёча турмуш тарзининг кўринишларидан биридир. Вазирлар ва амалдор шахслар эҳтиёжлари талаб қилаётган даражада маошларига яшай олмайди. Мансаби қанчалик юқори бўлса, уларнинг уйлари ҳам шунча кўп. Бу ҳам етмаганидек, уларнинг хотинлари, жазманлари кўп. Эрларининг мансабларига қараб тилла тақинчоқлари ҳам қимматбаҳо. Бундай мамлакатларда бизнес қилувчи сингапурликлар ярамас одатларни уйга олиб кирмасликлари керак, деб ёзган эди мамлакат бош вазири, Сингапурдаги ислоҳот ташаббускорларидан бири Ли Куан Ю.

Ҳозирги пайтда кучли авторитар бошқарувли давлат - Сингапур коррупция кўлами камлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича жаҳон рейтинггида етакчи ўринда бормоқда. Атиги 4 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Сингапур тажрибаси сиёсий ирода, самарали антикоррупцион қонунчилик ва пулга сотилмас мустақил агентлик эвазига атиги бир неча йилда коррупцияни жуда паст даражага тушириш мумкинлигини намойиш этди.

Сингапур тарихи ҳақида

XV-XVI асрларда Сингапур Жохор султонлиги таркибига кирган. 1819 йилда Британиянинг Ост-Ҳинд компанияси вакили Жохор султони билан Сингапурда турли этник гуруҳларга муҳожирликка рухсат берган ҳолда савдо зонасини ташкил этиш ҳақида келишув имзолайди. 1867 йилда Сингапур Британия империясининг мустамлакасига айланади. Инглизлар Сингапурга Хитой йўлидаги муҳим таянч нуқтаси сифатида катта аҳамият қаратишарди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида Япония Малайзияни эгаллайди, Сингапур учун жангни ютади. 1942 йилдан то 1945 йил сентябрь ойида Япония мағлубиятигача унинг қарамоғида қолади. 1959 йилдан эътиборан Сингапур Британия империяси таркибидаги ўзини идора этувчи давлатга айланади. Сайловдан кейин Ли Куан Ю бош вазир лавозимини эгаллайди. 1963 йилги референдум натижасида Сингапур Малай федерациясига қўшилади, 1965 йилнинг 7 августида федерация таркибидан чиқарилади ва 1965 йилнинг 9 августида мустақилликни қўлга киритади. Табиий бойликлардан маҳрум Сингапур 1959 йилдан 1990 йилгача кўплаб ички муаммоларини ечишга, учинчи дунё мамлакатидан, аҳолиси фаровон, саноати юксак ривожланган давлатлар сафига қўшилишга муваффақ бўлади.

Коррупцияга қарши кураш стратегияси: оёққа туриш

Сингапур мустақилликка эришгунига қадар қашшоқ бўлиб, ҳатто чучук сув ва қурилиш учун мўлжалланган қумни ҳам хориждан келтирган. Қўшни мамлакатлар нодўстона кайфиятда бўлса, аҳоли орасида социалистик ғоялар оммалашиб кетганди. Мамлакат Британия колонизаторларидан нобоп ҳукуматни, корруциялашган жамиятни мерос қилиб олганди. Коррупцияга қарши кураш бошлаган биринчи ҳукумат қатор муаммоларга дучор бўлди. Унга қарши курашни тартибга солувчи қонун очиқчасига заиф эди. Кўплаб коррупцион жиноятлар қонун доирасидан четда қолар, тегишли курашувчи органлар эса ўз вазифасини самарали адо этиш учун зарур ваколатга эга эмасди. Амалдорларнинг кўпчилиги порахўр бўлгани, қонунчилик самарасиз бўлганлиги сабабли жиноятга далил топиш ўта мураккаб эди.

Давлат амалдорлари тижорий сектор ходимларидан ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши, аҳоли саводхонлигининг паст даражаси, ҳуқуқий маданиятнинг етишмаслиги курашни қийинлаштирди. Натижада пора мақсадга эришишнинг ягона усулига айланди.

Масаланинг яна бир мураккаб томони шунда эдики, инглизлар даврида ташкил этилган Коррупция ҳолатларини тергов қилувчи Бюро хизматчилари маҳаллий полициядан иборат бўлиб, улар руҳий жиҳатдан ушбу иллатга қарши курашга тайёр эмасди.

“Божхона амалдорлари контрабанда ва таъқиқланган маҳсулотларни ташийдиган транспорт воситаларини текширишни “тезлаштириш” учун пора олардилар. Марказий таъминот хизмати ходимлари муайян чақа эвазига манфаатдор шахсларга тендерга келиб тушган аризалар ҳақида маълумот берарди. Импорт-экспорт департаменти амалдорлари рухсатномани тезлаштириб берганлари учун пора олишарди. Клерклар камчиликларга кўз юмишлари учун пудратчилар пора таклиф қилишарди. Дўкондорлар ва уй эгалари ахлатни олиб кетгани учун Жамоат соғлиқни сақлаш департаментига ҳақ тўлашарди. Мактаб директор ва ўқитувчилари канцелярия маҳсулотлари келтирувчиларидан фоиз олишарди. Ҳокимият тизгинидан шахсий манфаат йўлида фойдаланишга ўтишганида инсон ихтирочилик қобилиятининг чегараси йўқолади”. (Ли Куан Ю).

Мамлакат жуда оғир аҳволга келиб қолганини тушунган ҳукумат жамиятда очиқлик ва тозалик муҳитини яратишга, коррупцияни ижтимоий номақбул ҳодиса деб талқин этилишига эришиш учун қатъий қарор қилди. Ўз ишининг асосига “тоза ва сотилмас бўлиб қолиш” принципини устувор қўйди. Стратегия муаллифлари коррупция устидан назорат миллий тараққиёт учун муҳимлигига ишонишарди.

Ли Куан Ю ҳукумати ўз олдига Сингапурни Жануби-Шарқий Осиёнинг молиявий ва савдо марказига айлантириш, шунингдек, мамлакатга хорижий сармоядорларни жалб этиш мақсадини қўйганди. Раҳбарларининг сиёсий иродаси ва кучли антикоррупция қонунчилиги ҳисобига Сингапур порахўрликни енгишга ва жаҳоннинг иқтисодий етакчилари қаторидан жой олишга эришди. Биринчи навбатда коррупцион ҳаракатлар содир этиш имконияти қисқартирилди. 1960 йилда коррупцияга қарши кураш стратегияси коррупция олдини олиш ва коррупция тергови бўйича Бюрони алоҳида ваколатлар билан таъминлаш тўғрисидаги қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

Энг муҳим, қонундаги икки хил маъно билдирувчи англашилмовчиликлар бартараф этилди, Мустақил Бюро ҳокимиятнинг энг олий эшелонларида порахўрликка қарши кураш олиб борди. Тергов Бош вазир Ли Куан Юнинг ҳатто энг яқин қариндошларига нисбатан ҳам олиб борилди. Коррупцияга алоқадор қатор вазирлар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди ёки ўз ҳаётларига суиқасд қилишди ёки мамлакатдан қочиб кетишди. Улар орасида Ли Куан Юнинг қадрдон дўстлари ҳам бор эди.

“Ви Тун Бун 1975 йилда Индонезияга оиласи билан бирга саёҳатга борганида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири лавозимида ишларди. Саёҳат пулини эса уй-жой қураётган пудратчи ташкилот тўлаб берган. У мазкур пудратчидан қиймати 500 минг сингапур доллари турадиган кошонани пора сифатида олади, шунингдек, 300 минг долларлик иккита кредитни отаси номига пудратчи кафолати асосида расмийлаштиради. Мақсад ушбу пулдан фонд бозорида чайқовчилик мақсадида фойдаланиш эди. Ви Тун Бун 1950-йиллардан бошлаб садоқатли нокоммунист етакчи бўлган, шунинг учун уни ҳимоя қилиш ва ўзини айбсиз эканлиги хусусида ишончсиз уринишларини эшитиш менга оғир бўлди. У айбдор деб топилиб, 4 йили 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм устидан шикоят қилишига қарамай, у кучда қолдирилди, гарчи қамоқ муддати 18 ойга камайтирилган бўлса ҳам – деб ҳикоя қилади Бош вазир Ли Куан Ю ўз эсдаликларида.

Демак, ҳамма нарсадан кўра қонун устуворлигини афзал кўриш, жамиятда ҳамманинг қонун олдида тенглиги принципини тарғиб қилиш ва унга амал қилиш, бу йўлда юқори мартабали амалдорлар ва қариндошларини ҳам аямаслик Сингапурда коррупцияни бартараф этиш ишига хизмат қилди.

Ли Куан Юнинг қайд этишича, сиёсий етакчилар тартибли ва виждонли ҳукуматнинг вакиллари бўлгани учун энг катта маошлар тайинланган. Агар уларга яхши пул тўланмаса, нотўғри йўлга кириб қолиши ва коррупцион ҳаракатларга аралашиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунга мувофиқ, “ақллилар”нинг хусусий секторга ўтиб кетишини камайтириш мақсадида Сингапур давлат хизматчиларининг иш ҳақи муттасил ошириб борилди.

1989 ва 1994 йилларда давлат олий хизматчиларининг иш ҳақини қайта кўриб чиқиш жараёнида маошлар шу қадар оширилдики, дунёнинг бошқа ҳар қандай давлат хизматчиси буни орзу қиларди холос. Бироқ мазкур формула иш ҳақининг ҳар йили автоматик тарзда оширилишини англатмайди, чунки хусусий секторнинг даромадлари гоҳ тушар, гоҳ кўтариларди. 1995 йилда хусусий секторнинг даромади пасайган бўлса, 1997 йилда бунга мувофиқ равишда барча вазирлар ва мансабдорларнинг маоши камайтирилади.

Сингапур раҳбарияти сайловолди кампаниясига катта харажатларни сарфлаш кўплаб Осиё мамлакатлари учун беҳуда эканига ишонарди. Сайловга катта пул тиккан ғолиблар нафақат сарфланган маблағни қайтариши, балки келгуси сайлов учун маблағ тўплаши зарур эди. Бу ҳолат коррупцион операцияларни амалга оширишга йўл очарди. Шунинг учун Сингапур халқ ҳаракати партияси етакчилари сайловолди кампанияга сарфланадиган харажатларни қисқартиришга уринди. Партиянинг сайловдан кейин хазинасини тўлдиришга ва сайловлар оралиғида сайловчиларга совға тарқатишга ҳожат қолмаганди. “Биз шунга эришдикки, одамлар иш ўринлари яратишимиз, мактаблар, касалхоналар, ижтимоий марказлар қуришимиз учун қайта-қайта овоз бераверарди. Мазкур ижтимоий қулайликлар одамлар ҳаётини ўзгартирди, фарзандларининг келажаги Халқ ҳаракати партияси билан эканлигига халқни ишонтира бошлади.(Ли Куан Ю).

Абдували Сайбназаров



ЎзА
7 095