ЎзА Ўзбек

15.10.2012 15:03 Чоп этиш версияси

Ўсимлик ёғи мўл бўлади

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2009 йил 26 январда қабул қилинган “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистонда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Оролбўйида ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш ва ички бозорни ушбу кундалик эҳтиёж моллари билан тўлдириш учун иқлим ва тупроқ шароитига мос ёғли ўсимликлар парваришлаш ишлари такомиллаштирилмоқда. Етиштирилаётган ўсимликлар “Беруний ёғгар”, “Турон-Хўжайли” ва “Чимбой мой” очиқ акциядорлик жамиятлари томонидан қайта ишланиб, тайёр маҳсулотга айлантирилмоқда.

Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл-Сўғдиёна” фермер хўжалиги аъзолари бу йил буғдойдан бўшаган 10 гектарга яқин майдонда такрорий экин сифатида тезпишар кунгабоқар ўсимлигини парваришламоқда.

– Кунгабоқарнинг табиий хусусиятларини чуқур ўрганиб, “Лучаферул” ва “Санбред-254” каби серҳосил, иқлимимизга мос навларини экдик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Сардор Мамутов. – Улар 90 кунда пишиб етилар экан. Экинларни бир текис ундириб олишга эришдик. Тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ва минерал ўғитлар билан экин қатор ораларига икки марта ишлов бердик. Ҳозирда мўл ҳосил пишиб етилмоқда. Маҳсулотимизни “Беруний ёғгар” корхонаси шартнома асосида пешма-пеш қабул қилиб олади.

Давлатимиз раҳбари қарори асосида Оролбўйида бу йил 3,2 минг гектар майдонда кунгабоқар, 1,5 минг гектар ерда соя, 1 минг гектар майдонда масхар ўсимлиги парвариш қилинаётир. Фермерлар томонидан ушбу маҳсулотларни етиштиришни 30 фоизга кўпайтириш ва ички бозорларда уларнинг нархини арзонлаштириш мақсадида қилинаётган бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериши, шубҳасиз.


ЎзА, А.Ортиқбоев
13 421