Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.08.2017 15:23 Чоп этиш версияси

Шуманайда “Китоб олами” савдо мажмуаси очилди

Шуманайда “Китоб олами” савдо мажмуаси очилди Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Шуманай туманида бўлиб, ёш ишбилармонлар билан суҳбатлашган эди.

Давлатимиз раҳбари шуманайлик ёш тадбиркор Сейдабулла Медетов томонидан билдирилган туман марказида ёшлар учун китоб дўкони очиш таклифини маъқуллаб, уни амалга ошириш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан тадбиркорга 500 миллион сўм ҳомийлик маблағи ажратилишини билдирган эди.

Ўтган қисқа муддатда туман марказида 2 қаватли замонавий “Китоб олами” савдо мажмуаси бунёд этилиб, ўнга яқин ёш доимий иш билан таъминланди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ижроси доирасида барпо этилган савдо мажмуасининг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Жуманов, Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги бошқарма бошлиғи У.Эшмуҳаммедов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб ва китоб мутолаасига қизиқишни ошириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарига берган ваъдамнинг устидан чиққанимдан жуда хурсандман, – дейди тадбиркор С.Медетов. – Савдо мажмуасида ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши инобатга олинган ҳолда, 100 дан зиёд номдаги ўзбек, қорақалпоқ ва жаҳон адабиёти дурдоналари, ўқув қўлланмалари савдоси йўлга қўйилди. Шунингдек, ўқув зали, янги адабиётлар кўргазмаси, электрон кутубхона, интернет-клуб фаолият олиб боради.

“Китоб олами” савдо мажмуасига Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 15 миллион сўмлик китоб топширилди.

Президентимиз ташрифи давомида берилган топшириқ ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш мақсадида Шуманай туманида 24 лойиҳани амалга ошириш, жумладан, 7 ижтимоий аҳамиятга молик объект қурилиши давом этмоқда. 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
3 239






Все о погоде - Pogoda.uz