ЎзА Ўзбек

10.07.2020 Чоп этиш версияси

​Шуҳрат Ғаниев Жанубий Кореяда 285 миллион долларлик келишувга эришди

​Шуҳрат Ғаниев Жанубий Кореяда 285 миллион долларлик келишувга эришди

Илгари хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегацияси 6-8 июль кунлари Корея Республикасида бўлди. Унда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгуси истиқболи масалалари муҳокама қилинди. 

Жумладан, ташриф доирасида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги «KOICA» президенти, мамлакат савдо, саноат ва энергетика вазири, Корея Эксимбанки раиси, Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги қошидаги Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси (КЎБУ), Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари ва бошқа юқори лавозимли шахслар билан учрашувлар ташкил этилди.

Мулоқотлар давомида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам ташриф доирасида бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этиб, бир қатор инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувларга эришди.

Жанубий Кореянинг сармоядорлари билан вилоят тадбиркорлари самарали ҳамкорликни ўрнатган бўлиб, бу алоқалар йилдан йилга мустаҳкамланмоқда. Амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар доирасида қабул қилинган “йўл хариталар”ига Фарғона вилоятидан 10 та инвестиция лойиҳалари киритилган. Ўтган йилда Фарғона шаҳрида Корея халқаро университети очилиб, ёшларни қабул қилди. 2019 йилда Жанубий Корея билан ташқи савдо айланмаси 33,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилиб, вилоятдаги 13 та корхоналар томонидан экспорт амалга оширилди. Жорий йилнинг январ-апрель ойида эса ташқи савдо айланмаси 9,5 миллион долларни ташкил этмоқда. 

Фарғона халқаро аэропорти билан чегарадош ҳудудда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 1300 гектар майдонда Фарғона шаҳар бош режасини Жанубий Корея тажрибаси асосида ривожлантириш кўзда тутилган.

Икки томонлама ташрифлар ва мулоқотлар натижасида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга эришиляпти. Хусусан, мазкур сафар давомида савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ҳудудлар ўртасидаги товар айланмасини келгусида икки бараварга кўпайтириш бўйича музокаралар олиб борилди. Хизмат сафари якунлари бўйича Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг йирик компаниялари ўртасида 285 миллион АҚШ долларлик 7 та келишувларга эришилди. 

Фарғона вилоятида ташкил этилган Кореянинг “KIUF” халқаро университети фаолиятини янада кенгайтириш, таълим сифатини ошириш мақсадида қўшимча 25 нафар малакали профессорлар жалб қилинади. “KREVES CROPS” CO.LTD корхонаси билан мойли ўсимликларни етиштириш ва ўсимлик мойи ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “GNT” CO.LTD корхонаси билан ҳамкорликда вилоятнинг Бағдод туманида қандли диабед касаллиги (глюкометр) ҳамда қон босимини ўлчовчи ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, “JINWON TRADING” CO.LTD компанияси билан Фарғона вилоятида етиштирилган мева маҳсулотларини Корея Республикасига экспорт қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. “KANAAN” компанияси томонидан Бешариқ, Бағдод ҳамда Фарғона туманларида тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, “HYUNDAI ENGINEERING” CO.LTD компанияси билан Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида жойлашган иссиқлик энергия марказини модернизация қилиш кўзда тутилмоқда.

Корея ҳудудий иссиқлик таъминоти корпорацияси (KDHC) директорининг ўринбосари Бежамин Юн 6 ой муддатга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг иқтисод ва инвестиция масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида жалб қилинди.

Шунингдек, учрашувда Фарғона шаҳрида Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси расмий ваколатхонасини очиш тўғрисида келишувга эришилди. Ташкил этиладиган ваколатхона ҳар икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш ва Корея инвестицияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар сонини оширишга имкон беради.

3 735
М. Сулаймонов, ЎзА