Шифобахш неъмат етиштириш кўпаймоқда
Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида “Асаларичилик хўжаликларини янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш йўллари: Андижон вилояти мисолида” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида “Асаларичилик хўжаликларини янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш йўллари: Андижон вилояти мисолида” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси қошидаги ишлаб чиқариш-ўқув марказига ташрифи давомида ушбу йўналишда амалга оширилиши белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Андижон вилояти кенгаши, вилоят асаларичилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, асаларичилик соҳаси мутахассислари, фермерлар, солиқ, банк тизими ходимлари, тадбиркорлар иштирок этди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, хусусан, асаларичиликни ривожлантириш, асал етиштиришни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар соҳада фаолият олиб бораётган аҳолининг реал даромадларини ошириш, турмуш даражасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
– Вилоятимизда 66 асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжалиги, 1300 га яқин асаларичилик билан шуғулланаётган тадбиркор ва бошқа хўжалик субъекти рўйхатга олинган, – дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Содиқжон Мўминов. – Яратилаётган кенг имкониятлар самарасида сифатли табиий асал етиштириш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда.
Ўтган йили вилоятда 1 минг 505 тонна асал етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 1 минг 686 тоннага етказиш режалаштирилган.
Иштирокчилар Пахтаобод туманидаги “Асалчи Нозимжон” фермер хўжалиги фаолияти, бу ерда асаларичиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан танишди.
– Хўжалигимизда 250 асалари қутисида 350 дан зиёд асалари оиласи парвариш қилинмоқда, – дейди “Асалчи Нозимжон” фермер хўжалиги раҳбари Абдуҳошим Бозоров. – 10 нафар ишчи меҳнат қилаётган хўжалигимизда асаларини белгиланган рацион асосида парваришлашга, табиий асал олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Илгари бир қути асалари уясидан 7-8 килограмм асал олинган бўлса, илғор технологияларни жорий этиш ҳисобидан бугун ҳар қутидан 15-16 килограмм маҳсулот олишга эришилмоқда.
Тадбирда “Асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш йўллари”, “Пахтаобод туманида асаларичиликни ривожлантириш бўйича яратилган имкониятлар”, “Асаларичилик билан шуғулланаётган тадбиркорларга имтиёзли банк кредитлари ва солиқ имтиёзлари” сингари мавзуларда маърузалар тингланди. Асаларичиликни янада юқори босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш, касб-ҳунар коллежларида махсус таълим йўналишлари очиш, хориждан асалари оилалари келтиришга имтиёзлар жорий этиш, асалари уяларини жойлаштириш учун махсус майдонларни кўпайтириш, вилоят асаларичилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.