ЎзА Ўзбек

02.03.2016 12:49:38 Чоп этиш версияси

Шифобахш маҳсулот мўл бўлади

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилаётир. Хусусан, асаларичилик изчил ривожланиб, соҳадаги илғор тажрибалар оммалаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Қорақалпоғистон Республикасида асаларичиликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда ҳудудда 660 асаларичилик субъекти фаолият кўрсатаётир. 2015 йилда 360 тоннадан зиёд табиий, шифобахш ва арзон асал маҳсулоти етиштирилган бўлса, Соғлом она ва бола йилида бу кўрсаткични 524 тоннага етказиш режалаштирилган. Соҳада эришилаётган ютуқларда тижорат банклари томонидан ажратилаётган имтиёзли кредит маблағлари муҳим аҳамият касб этаётир. Жорий йилда ҳудудда 1,5 миллиард сўмлик кредит маблағи эвазига 147 асаларичилик субъектида 2 минг 486 янги асалари оиласи ташкил этиш режалаштирилган.

Нукусда асаларичиликни юритиш ва маҳсулотларни сотишнинг самарали усулларига бағишлаб ўтказилган ўқув-семинарида шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Асаларичилик билан шуғулланувчи деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи А.Худойберганов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Х.Қайпназаров ва бошқалар асаларичиликни ривожлантириш, ундан экологик тоза ва саломатлик учун ғоят фойдали маҳсулот етиштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикасида БМТнинг Тараққиёт дастури асосида соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Малакали мутахассислар иштирокида семинарлар ўтказилиб, Амударё, Қанликўл ва Шуманай туманларида 58 деҳқон ва фермер хўжалигига амалий ёрдам кўрсатилди, уларга асаларичилик билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратиб берилди. Натижада хўжаликларнинг иқтисодий салоҳияти ортиб, ўнлаб янги иш ўринлари ташкил этилди.

Семинарда асаларичилик истиқболлари, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш чоралари, селекция ва маркетинг ишлари бўйича маърузалар тингланди.

– Биз “Карпат” зотли асаларидан мингта оила парваришлаяпмиз, – дейди Амударё туманидаги “Ўрта қалъа чорвадори” агрофирмаси раҳбари Эркин Расулов. – 14 ишчи меҳнат қилаётган агрофирмада ҳар йили 7-8 тонна шифобахш асал етиштирилмоқда. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини “Асакабанк”нинг Қорақалпоғистон Республикаси филиалидан олинадиган 40 миллион сўмлик кредит маблағи ҳисобига асални қайта ишлайдиган ускуналар харид қилиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган дори-дармонлар савдосини йўлга қўйишни режалаштирганмиз.

Семинар иштирокчиларига сертификатлар топширилди.