Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 12:43 Чоп этиш версияси

Сердаромад тармоқ

Фарғона вилоятида ўтган йили балиқчилик йўналишида 40 янги лойиҳа амалга оширилиб, 170,4 гектар майдонда сунъий сув ҳавзалари ташкил этилди. Бу ишлар учун тижорат банклари томонидан 1 миллиард 352 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Президентимиз раҳнамолигида гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш, бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, аҳоли эҳтиёжини тўла таъминлаш мақсадида чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона вилоятида балиқчиликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд. Соҳага тижорат банкларининг кредит маблағлари йўналтирилаётгани, табиий кўллардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилиб, хўжаликларни балиқ чавоқлари, озуқа билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ютуқлар омили бўлмоқда.

2016 йили “Ипотекабанк”нинг 120 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи эвазига Бағдод туманидаги “Шимолий Бағдод” фермер хўжалигида 10 гектар сунъий сув ҳавзаси ташкил этилиб, 50,9 тонна балиқ етиштирилди.

Вилоятдаги балиқчиликка ихтисослашган 252 фермер хўжалиги тасарруфида 2254,7 гектар ер мавжуд. Бу хўжаликлар томонидан харидоргир бўлган сазан, оқ амур ва дўнгпешона балиқлари етиштирилмоқда. Бағдод ва Фурқат туманларида тажриба тариқасида Африка лаққа балиғини етиштириш ҳам йўлга қўйилди.

– Африка лаққасини вилоятимиз иқлим шароитига мослаштириш ва ундан мўл ҳосил етиштириш борасидаги тажрибалар изчил давом этмоқда, – дейди Бағдод туманидаги “Мубинахон Муфаззалхон” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари М.Тешабоев. – Агар тажрибалар яхши самара берса, вилоятимизда бундай балиқ етиштиришни кўпайтирамиз.

Вилоятда янги йўналиш – “Садок” усулида балиқ етиштириш борасида ҳам ютуқлар кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда. Ҳозиргача Ёзёвон туманидаги Марказий Фарғона сув омбори, Қувада Каркидон сув омбори, Олтиариқ туманидаги Қўрғонтепа сув омборида 100 га яқин “Садок” мосламалари ўрнатилди. Натижада ўтган йилнинг ўзида вилоятда “Садок” мосламаларида 250 тоннага яқин балиқ етиштирилди.

Балиқчилик тармоғини ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Вилоят бўйича сунъий ҳавзаларда 5 минг 810 тонна балиқ овлаш мўлжалланмоқда. 32 янги лойиҳани амалга ошириш ҳисобидан 304 гектар сунъий сув ҳавзаси ташкил этиш ва 200 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Янги лойиҳалар яна 613 тонна балиқ етиштириш имконини беради. “Бешариқ балиқ” масъулияти чекланган жамияти томонидан имтиёзли банк кредити ва ўз маблағи ҳисобидан Қўқон шаҳрида балиқни дудлаш ва қадоқлаш кичик цехи ташкил этилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 149






Все о погоде - Pogoda.uz