Сердаромад соҳа
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.Бугунги фермер пахтачилик ва ғаллачиликдан ташқари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик каби турли йўналишларда самарали фаолият юритиб, янги-янги марраларни забт этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, қуёнчиликни ривожлантириш, бу борада наслчилик ишларини такомиллаштириш ва ушбу йўналишга ихтисослашган кўп тармоқли агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хўжайли туманидаги “Plutos Lapin” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма қуёнчиликка ихтисослашган. Янги Зеландия қуёнлари парваришланаётган агрофирма юқори сифатли мўйна етиштириш, аҳолига парҳез гўшт етказиб беришда улкан муваффақиятларга эришмоқда. Банкдан олинган 400 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи агрофирма фаолияти ривожида муҳим аҳамият касб этди. Бу ерда кўпайтириш учун хориждан 114 бош Янги Зеландия қуёни келтирилди.
– Қуёнлар маҳаллий иқлим шароитимизга тез мослашмоқда, – дейди агрофирма раҳбари Мақсет Алланиёзов. – Жониворларни турли касалликлардан асраш учун туман ветеринария станцияси мутахассислари билан ҳамкорликда эмламоқдамиз. “Микрокредитбанк”дан олинган кредит маблағининг 228 миллион сўмига реконструкция ишлари бажарилди. Юз миллион сўмга қуёнлар яшаши учун қулай шароит яратдик, ўзимизда ем тайёрлайдиган цех қурдик. Бу қуёнлар йилига тўрт марта болалайди. Улар сонини 10 минг бошга етказиб, йилига 2 тонна парҳез гўшт етиштиришни режалаштирганмиз.
Агрофирмада иш самарадорлигини янада ошириш, минтақада қуён боқаётган фермер хўжаликлари ва хусусий тадбиркорлар билан шартнома тузиб, қуён гўшти ва терисини қайта ишлашни йўлга қўйиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотни экспорт қилиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Фойдаланилмай турган “Автокемпинг” биноси 1 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 60 иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматда харид қилинди. Бу ерда 4 минг бошга мўлжалланган қуёнхона, 400 тонна полиз-сабзавот маҳсулотлари сақланадиган музлатгичли омборхона қуриш режалаштирилган. Айни пайтда бунёдкорлик ишлари авжида. Иншоот Наврўз умумхалқ байрамида фойдаланишга топширилади, бу 20 иш ўрни яратиш имконини беради.
Агрофирма тасарруфига берилган Тахиатош иссиқлик электр станцияси яқинидаги 4 гектар майдоннинг 2 гектарида Жанубий Корея технологияси асосида замонавий иссиқхона қуриш ҳам режалаштирилган.