ЎзА Ўзбек

25.10.2012 15:43 Чоп этиш версияси

Савдо ва саноат кенгашининг мажлиси

Тошкентда 25 октябрь куни Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, нефть-газ, савдо-саноат, сармоя, фан-таълим, сайёҳлик, қурилиш, кимё, геология, фармацевтика каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, кенгаш ҳамраиси Элёр Ғаниев Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар кўплаб соҳалар, шу жумладан, иқтисодиёт, енгил саноат, нефть-газ, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сайёҳлик, фан-таълим, қишлоқ хўжалиги ва суғурта каби йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон билан Буюк Британия ўртасида имзоланган даромадларнинг икки томонлама солиққа тортилишига йўл қўймаслик ҳамда даромад ва капитал солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф этишга, инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга, иқтисодиёт, таълим, фан ва маданият ҳамда ҳаво транспорти алоқаси, сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликка оид битимлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Буюк Британия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Мамлакатимизда британиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган 437 корхона фаолият кўрсатмоқда, Буюк Британиянинг 86 фирма ва компанияси ваколатхоналари рўйхатдан ўтказилган. Улар асосан озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, суғурта ва консалтинг соҳаларига ихтисослашган. Юксак технологиялардан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга икки томон ҳам ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қарайди.

Мажлисда Буюк Британиянинг қатор йирик компанияларидан кўплаб вакиллар иштирок этгани ушбу мамлакатда Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш катта эканидан далолат беради.

– Буюк Британия Ўзбекистон билан ҳамкорликни тараққий эттиришга алоҳида эътибор билан қарайди, – деди Буюк Британия парламенти аъзоси, Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши ҳамраиси Питер Лилли. – Ўзаро савдо-иқтисодий муносабатларни изчил ривожлантириш ҳамда мамлакатларимиз ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу кенгаш мажлислари мунтазам ўтказиб келинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг муттасил ўсаётгани мамлакатингизда юритилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар бераётган юксак самараларга ёрқин мисолдир.

Мажлисда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятлари, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма корхоналарни кўпайтириш, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳамда “Ангрен” махсус индустриал зонасида юқори технологик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.


ЎзА, Нодира Манзурова
11 377