ЎзА Ўзбек

24.07.2018 18:08 Чоп этиш версияси

Савдо уйлари – жаҳон бозорига йўл

Қардош ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги муносабатлар янги босқичда давом этмоқда. Мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий алоқалари кун сайин фаоллашиб, товар айирбошлаш ҳажми ортаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда халқаро савдода тобора салмоқли ўрин эгаллаётган савдо уйлари иқтисодий барқарорлик, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятининг сезиларли ривожланишида муҳим воситага айланди. Тожикистонда мамлакатимизнинг савдо уйлари фаолият юритмоқда. Жорий йил февраль ойида Тошкентда ҳам Тожикистоннинг қурилиш моллари савдоси билан шуғулланувчи "Гаюр" компанияси савдо уйи очилган эди. Кенг турдаги маҳсулотлар таклиф этилаётган ушбу савдо уйи мамлакатимиз қурилиш бозорида ўз ўрнини эгаллаб бормоқда.

Ўтган қисқа вақт мобайнида савдо уйида "Гаюр" компаниясининг 30 турдаги қурилиш моллари савдоси йўлга қўйилди. Сўнгги икки ойда талаб ва таклиф асосида маҳсулот етказиб бериш ҳажми ошди.

– Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантиришда ҳам ўз ифодасини топмоқда, – дейди савдо уйи директори Фарҳод Маҳкамов. – Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ана шу ислоҳотлар жараёнида янада мустаҳкамланиб бормоқда. Юртингизда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишларида ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Компания асосан цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлса-да, соҳани модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига гипсокартон, армстронг, металл профиллар ва бошқа турдаги қурилиш моллари тайёрлаш ўзлаштирилди. Айни пайтда савдо уйида юқори сифатли қурилиш моллари – ойна, асбест, цемент ва цемент клинкерлар харидорларга манзур бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, фаолият кўламини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам кенгайтириш имконини бермоқда.

Компания самарали фаолияти туфайли Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Бахт шаҳарларида савдо тизимини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Ҳозирги кунда "Гаюр" Ўзбекистон бозорига ойига ўртача 15 минг тонна цемент етказиб бермоқда. Корхона бу кўрсаткични 20 минг тоннага етказишни режалаштирган. Жумладан, келгусида Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятлари, Тошкент, Жиззах ҳамда Фарғона шаҳарлари асосий харидор ҳудуд сифатида қаралмоқда.

Компания нафақат қурилиш моллари турини кўпайтиришга, балки сифатли хизмат кўрсатишга ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда. Даставвал харидор буюртмани ўзи олиб кетган бўлса, эндиликда маҳсулотни айтилган манзил бўйича етказиш йўлга қўйилди.

Бу "Гаюр" савдо уйининг ўзгарувчан жаҳон бозорига тез мослашувчанлиги, тижорат ишини оқилона ташкил этаётганидан далолат. Компания Ўзбекистондаги фаолиятини янада такомиллаштириш, мамлакатимиз қурилиш маҳсулотларининг Тожикистонда харидоргир бўлишига ҳисса қўшиш ниятида. Бу ўзаро савдо алоқаларининг фаоллашиши ва маҳсулот алмашинувининг кенгайишида, миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон бозорларига чиқишини рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Дилобар Маматова, ЎзА
4 160