Сардоба туманида замонавий савдо маркази иш бошлади
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида “Шаҳинабону” савдо маркази иш бошлади.
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида “Шаҳинабону” савдо маркази иш бошлади.Марказнинг очилиш маросимида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– “Агробанк” туман филиалидан олинган 590 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига бўш турган бинони реконструкция қилдик, – дейди «Раҳмон Саидов» хусусий корхонаси раҳбари Ёрбек Мавлонов. – Савдо расталарига чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий қисми шартнома асосида туманимиздаги корхона ва фермер хўжаликларидан келтирилмоқда. Маҳсулотларимиз арзонлиги шундан. Аҳоли фаровонлигининг янада юксалишига оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз.
Мамлакатимизда яратилаётган кенг шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланаётган "Раҳмон Саидов" хусусий корхонаси фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Корхона қошидаги кичик цехда 4 нафар ёш мутахассис макарон ишлаб чиқариш ва қадоқлаш билан машғул. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида иш бошлаган “Шаҳинабону” савдо марказида ҳам 6 киши доимий иш билан таъминланди.