Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2016 19:16 Чоп этиш версияси

Саноат учун керамика маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда

Миллий матбуот марказида иқтисодиёт тармоқлари учун керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш самараларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Фанлар академияси «Физика-қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига қарашли Материалшунослик институти томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти С.Лутфуллаев, Материалшунослик институти директори И.Отабоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётир.

Материалшунослик институти томонидан бу борада қатор илмий-амалий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Катта қуёш сандонидан фойдаланиб иқтисодиёт тармоқларида қўлланиладиган керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенгаймоқда. Газ саноатида маҳсулотни тозалашда ишлатилаётган керамик шарлар, енгил саноатда ип ўтказувчи воситалар, инфрақизил нурли лампалар устига қопланадиган материаллар бунга мисолдир.

– Қуёш энергетикасидан фойдаланиб иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш илм-фаннинг устувор йўналиши бўлиб, бу борада мамлакатимиздаги етакчи илм-фан марказлари билан бир қаторда АҚШ, Германия, Испания, Франция, Италия, Хитой, Ҳиндистон каби давлатларнинг нуфузли илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди Материалшунослик институти директори ўринбосари, техника фанлари номзоди Шавкат Нурматов. – Айни пайтда давлат грантлари асосида қуёш энергиясини электр энергиясига айлантириш, сувни тозалашда қўлланиладиган фильтрлар яратиш, саноат корхоналарида қувватларнинг чидамлилигини ошириш каби йўналишларда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида қаттиқ жисмлар физикаси, материалшунослик, қуёш энергиясини татбиқ этиш соҳаларида амалга оширилаётган илмий лойиҳалар ва фан ютуқларидан амалиётда фойдаланиш самаралари ҳақида сўз юритилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
50 890