Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.10.2012 17:09 Чоп этиш версияси

Саноат кооперациясининг янги имкониятлари

Тошкентда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилган VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа ниҳоясига етди.

Ушбу саноатчилар форуми иқтисодиётимиз реал сектори корхоналарига зарур хомашё ва кредит ресурсларидан эркин фойдаланиш, ички тармоқ ва тармоқлараро кооперация асосида узоқ муддатли хўжалик муносабатларини шакллантириш ҳамда кенгайтириш учун бозор инфратузилмасини ташкил этишга кўмаклашишга қаратилган.

Ярмарка ва биржада мамлакатимиз саноати етакчи тармоқларининг улкан салоҳияти ва имкониятлари, ишлаб чиқариш янгиликлари ҳамда маҳсулотлар намойиш этилди. Ўзбекистон саноатининг етакчи тармоқлари, корхоналар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш секторлари бўйича тақдим этди. Машинасозлик, автомобилсозлик, электртехника, қурилиш саноати, металлургия, кимё, нефть-кимё, озиқ-овқат ва енгил саноат, фармацевтика ҳамда бошқа саноат тармоқлари соҳалари кенг миқёсда намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 15 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорида халқаро кооперацияни ривожлантириш зарурлиги қайд этилган. Олтинчи марта ўтказилган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржада Германия, Италия, Дания, Буюк Британия, Украина, Латвия, Жанубий Корея, Хитой, Польша, Россия, Туркия каби давлатлардан хорижий фирма ҳамда компанияларнинг қарийб 1200 нафар вакили қатнашди. Улар мамлакатимизнинг 1100 дан ортиқ корхона ва компаниялари томонидан павильон ҳамда стендларда бўлажак харидорларга таклиф этилган хилма-хил маҳсулот ва хизматлар билан танишди.

Корхона ва ташкилотлар ўз стендларида айни пайтда импорт қилинаётган маҳсулотлар, маҳаллий хомашё ресурсларидан фойдаланиш, ишлаб чиқаришни технологик модернизация қилиш ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни намойиш этди.

Форум доирасида бўлиб ўтган корхона ва тармоқларнинг тақдимот маросимларида уларнинг техник ҳамда технологик имкониятлари тақдим этилди. Шунингдек, ҳар бир вилоят тақдимоти иштирокчиларга ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги мавжуд муносабатларни янада кенгайтириш ҳамда янгиларини ўрнатиш учун шарт-шароит яратди. Ишлаб чиқариш-техник йўналишдаги тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва ускуналарни етказиб бериш ва сотиб олиш бўйича шартномалар тузилди. Айни пайтда мамлакатимизнинг барча истеъмолчилари буюмлар, қайта ишланган хомашё ва материалларни қўшимча тендерлар ўтказмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олиш имконига эга бўлди.

Саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа икки босқичда ташкил этилди: биринчи босқичда ҳудудий кўргазма ҳамда тармоқ ярмаркалари бўлиб ўтган бўлса, иккинчи босқичда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа ўтказилди. Амалиёт ушбу тадбирларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. 2011 йилда уларда 1030 хўжалик субъекти қатнашган бўлса, бу йил иштирокчилар сони 1146 тага етди. Ўтган йили тузилган шартномалар ҳажми 3,5 триллион сўмни ташкил қилди. Дастлабки маълумотларга қараганда, бу галги ярмарка якуни бўйича умумий қиймати қарийб 5 триллион сўмлик шартномалар имзоланган.

Бундан ташқари, хорижий валютада ҳам шартномалар тузилди. Негаки, ярмарка ва биржада хорижий фирма ҳамда компаниялар вакиллари фаол иштирок этиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижга етказиб бериш бўйича тегишли шартномалар тузди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қиймати 5 миллиард АҚШ долларига тенг шартномалар тузилган. Ўтган йили бу кўрсаткич 3,9 миллиард долларни ташкил қилган эди. Бу йилги ярмарка ва биржага 80 мингдан ортиқ (ўтган йили 70 минг эди) киши ташриф буюрди.

Барча тадбирлар мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, банклари, суғурта компаниялари ҳамда стандартлаштириш ҳамда сертификатлаш соҳасига ихтисослашган ташкилотларининг мутахассислари иштирокида ўтди ва улар иштирокчиларга ўзларининг зарур маслаҳатларини берди.

Ярмарка қатнашчилари ва бу ерга ташриф буюрганлар аралаш ишлаб чиқаришларнинг талаб ва эҳтиёжларини аниқлаш, шу асосда маҳсулотларни етказиб бериш, жумладан, экспорт қилиш бўйича буюртмалар портфелини шакллантириш имконига эга бўлди.

Саноатчилар форуми саноатни юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни янада ривожлантириш вазифасини ҳал этган ҳолда, узоқ муддатли хўжалик муносабатларини шакллантириш ҳамда кенгайтириш учун зарур бозор инфратузилмасини ташкил этишга кўмаклашмоқда.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа якунлари, шунингдек, ҳудудий ҳамда тармоқлар кўргазмалари натижалари мамлакатимиз корхоналари саноат кооперациясининг аҳамияти тобора кучайиб бораётгани, саноатнинг етакчи тармоқлари ва кичик бизнес вакилларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда ўз маҳсулотларини етказиб бериш, техник эҳтиёжларни ўрганиш, бозорда харидоргир янги товар ва буюмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш борасидаги мавжуд имкониятларни янада кенгайтираётганидан далолат беради. Хорижий шериклар билан инвестицион-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ҳам янги истиқболлар очилмоқда. Бундай кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.


ЎзА, Виктор Николаев, Асқар Ёқубов (сурат)
13 927