Самарқандда янги қўшма корхона ташкил этилади
Самарқандда “Самарқанд пилла уруғчилик” масъулияти чекланган жамияти қошида Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида “SAMARKAND TIAN ZHU SILK WORM” қўшма корхонасини ташкил этишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Самарқандда “Самарқанд пилла уруғчилик” масъулияти чекланган жамияти қошида Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида “SAMARKAND TIAN ZHU SILK WORM” қўшма корхонасини ташкил этишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шарипов, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов ва бошқалар мамлакатимизда пиллачилик соҳаси кўп асрлик анъаналарга эга эканини қайд этиб, кейинги йилларда тизимда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва мавжудларини модернизация қилиш, чет эл инвестицияларини жалб этиш орқали жаҳон бозорида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, пиллачилик корхоналари фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, пилла етиштирувчилар манфаатини ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Давлатимиз раҳбари қарорида ипак қурти уруғининг маҳсулдор зотларини яратиш ва жорий этиш, импортни қисқартириш ва келгусида юртимизнинг ички эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мақсадида уларни ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш вазифаси белгилаб берилган, – дейди “Самарқанд пилла уруғчилик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари З.Бобомуродов. – “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси кўмагида хитойлик ҳамкорлар билан бирга амалга оширилаётган ушбу лойиҳа ҳам импорт ўрнини босувчи маҳсулдор ипак қурти уруғини ўзимизда тайёрлаш имконини беради. Умумий қиймати 2 миллион долларлик ушбу лойиҳани 2017-2018 йилларда тўла амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, жорий йилда Хитойдан замонавий технологиялар, лаборатория ускуналари келтириб ўрнатилади. 2018 йилда 20 минг қути ипак қурти уруғи тайёрланади. Кейинги йилларда бу миқдор ошиб бориб, 2021 йилда тўлиқ қувватга эришилади ва 50 минг қути элита уруғи ишлаб чиқарилади. Бу ички эҳтиёжни қондиришдан ташқари маҳсулотни хорижга экспорт қилиш имконини беради. Энг муҳими, йилига бир неча марта ипак қурти уруғи тайёрлаш ва пилла етиштириш йўлга қўйилади.
Лойиҳага кўра, ипак қурти озуқа базасини яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Беш йил давомида интенсив усулда 50 гектар янги тутзор барпо этиш ва мавжуд 150 гектар тутзорни реконструкция қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ҳар 5 гектар тутзор ҳудудида ипак қурти боқиш учун махсус қуртхоналар ташкил этилади. Бундан ташқари, корхона қошида қўшимча тармоқ сифатида сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва паррандачилик ҳам йўлга қўйилади. Бу ишлар натижасида корхонада 100 га яқин доимий ва 1700 дан ортиқ мавсумий иш ўринлари яратилади.
– Ўзбекистон пилла етиштириш бўйича бой ресурс ва катта имкониятларга эга, – дейди Хитойнинг “Мокан Тян Зи” компанияси президенти Ву Пин Кун. – Юртингиз иқлим шароитида бир йилда икки-уч марта ипак қурти парваришлаш мумкин. Шунинг учун биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бирга ушбу корхонани ташкил этиш, уруғчиликни ривожлантириш ҳамда ипак қурти боқишни такомиллаштиришга келишиб олдик. Бу икки томон учун ҳам манфаатли ва истиқболли лойиҳа бўлади.
Маросимда лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди ва янги корхонанинг рамзий қозиғи ўрнатилди.
– Ўзбекистон пилла етиштириш бўйича бой ресурс ва катта имкониятларга эга, – дейди Хитойнинг “Мокан Тян Зи” компанияси президенти Ву Пин Кун. – Юртингиз иқлим шароитида бир йилда икки-уч марта ипак қурти парваришлаш мумкин. Шунинг учун биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бирга ушбу корхонани ташкил этиш, уруғчиликни ривожлантириш ҳамда ипак қурти боқишни такомиллаштиришга келишиб олдик. Бу икки томон учун ҳам манфаатли ва истиқболли лойиҳа бўлади.
Маросимда лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзоланди ва янги корхонанинг рамзий қозиғи ўрнатилди.