Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.09.2017 12:52 Чоп этиш версияси

Сўхлик деҳқонлар 20 минг тоннадан зиёд картошка етиштирди

Сўхлик деҳқонлар 20 минг тоннадан зиёд картошка етиштирди Фарғона вилояти Сўх туманида фермерлар ва аҳоли томорқасида минг гектардан зиёд майдонда етиштирилган картошка йиғиб олинмоқда.

Мамлакатимизда аҳолини сифатли, тўйимли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда.

Сўлим тоғлар бағрида жойлашган Сўх туманида витаминга бой, эртапишар сабзавот, полиз маҳсулотлари ва картошка етиштириш бўйича катта тажриба тўпланган. Айни пайтда туманда 300 фермер хўжалиги сабзавотчилик, боғдорчилик, ғаллачилик йўналишида фаолият кўрсатмоқда. Улар жорий йилда 770 гектар майдонда картошка етиштирди. Картошка етиштиришни янада кўпайтириш мақсадида фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, зарур шароитлар яратилмоқда. “Шохруҳ”, “Соҳибкор”, “Рустам”, “Мирзаабдулла”, “Бунёд” каби фермер хўжаликлари сабзавотчилик соҳасида тумандаги илғор хўжаликлардан.

“Шохруҳ” фермер хўжалигида икки ярим гектар ерда етиштирилган “Арена” навли картошкани йиғиб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жорий йилда хўжалик ғалладан кутилганидан-да мўл ҳосил олди. “Беш юлдуз”, “Нафис” навли олмалар ғарқ пишган. Пайкалда пиёз, сабзи каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришланмоқда.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, картошка етиштиришдан яхши даромад кўрмоқдамиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Камолиддин Шарипов. – Хўжалигимиз картошка уруғи ҳам етиштиради. Ҳар гектар майдондан 28 тонна картошка олмоқдамиз. Мақсадимиз юртимиз бозорларини арзон ва сифатли картошка билан таъминлаш, халқимиз турмушини янада обод қилишга муносиб ҳисса қўшишдир.

Туманда маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил картошка навлари яратиш, деҳқонларни сифатли уруғлик билан таъминлаш йўлида ҳам изчил изланишлар олиб борилмоқда. Картошканинг “Марфона”, “Арена”, “Пикассо”, “Санта”, “Кондор”, “Романа” “Тўйимли”, “Ақраб” навлари ҳосилдорлиги ва мазаси билан истеъмолчиларга манзур бўлаётир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва меъёрида амалга оширилса, гектаридан 25-30 тоннагача картошка олиш мумкин. Буни яхши биладиган сўхлик деҳқонлар ҳозирга қадар 20 минг тоннадан зиёд картошка етиштирди.

Туманда Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқасида 200 гектар майдонга пиёз ва саримсоқпиёз, ноябрь-декабрь ойларида 500 гектардан зиёд ерга тўқсонбости экинлари – пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, лавлаги ва турли кўкатлар экиш кўзда тутилган. Бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 963






Все о погоде - Pogoda.uz