ЎзА Ўзбек

13.03.2019 14:05 Чоп этиш версияси

Россия тадбиркорлари ипакчилик соҳасига қизиқиш билдирмоқда

Россия тадбиркорлари ипакчилик соҳасига қизиқиш билдирмоқда

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Россиянинг “Комбат-Тур” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда бизнес форум ўтказди.

Унда тизим вакиллари ва Россияда фаолият юритаётган ўттиздан ортиқ корхона раҳбарлари, топ менежерлар иштирок этди.

photo5208596373203692242.jpg
– Биз, Ўзбекистон ҳақида, унинг самимий ва меҳмондўст халқи ҳақида кўп эшитганмиз, – дейди Россиядан келган делегация раҳбари Александр Чуранов. – Айни пайтда ана шу фикрлар исботига гувоҳ бўлиб турибмиз. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун юртингизда божхона ва солиқ борасидаги енгилликлар, Ўзбекистонга кириш-чиқиш визаларининг осонлашгани ҳамкорлик қилиш борасидаги қизиқишларимизни янада оширмоқда. Ҳозирда биз учун қизиқ бўлган соҳа ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ниятимиз бор.

photo5208773308676417872.jpg
– Серқуёш Ўзбекистонга биринчи келишим, – дейди тадбиркор Рамиль Нигмадзянов. – Биламан, юртингиз инновацион янгиланишлар даврини бошдан кечирмоқда. Бунда эса қаерга, нимани экспорт қилишни ўрганиш ва билиш муҳим аҳамиятга эга. Минглаб турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилаётган Ўзбекистон тадбиркорларига биз ҳамкорлик таклиф қилмоқчимиз. Ўзбек йигит- қизларини компаниямизга таклиф қилиш учун келдик. Уларга иш бериш ва рус тилини ўргатиш ниятимиз бор.

Икки давлат тадбиркорларининг мулоқот майдонига айланган форум доирасида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кўргазма савдоси ва миллий либослар намойиши ўтказилди.

– Соҳада кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, ҳар бир туманда хотин-қизлар учун мавсумий ва доимий иш ўринлари яратилмоқда, – дейди “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раисининг ишлаб чиқариш ва экспорт масалалари бўйича биринчи ўринбосари Асан Жарасбаев. – Бу йил 1 апрелда 350 минг қути ипак қуртини тарқатиб, 19 минг тоннадан ортиқ ҳосил етиштирмоқчимиз. Бундан ташқари яна уч марта боқамиз. Йил давомида корхоналарнинг қувватига қараб тўрт мартагача пилла парваришлашни режалаштираяпмиз. Ўтган йили экспортимиз 52 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилда эса бу кўрсаткични янада ошириш чоралари кўрилмоқда.

Икки давлат тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, инвесторларни жалб қилиш ва уларнинг тажрибасидан фойдаланиб экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган форумда россиялик ишбилармонлар ҳам ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказди.

Сайёра Шоева, ЎзА
3 664