Риштонда туяқуш парваришланмоқда
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “STRAUS FARM” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида маҳаллий шароитда туяқуш боқиш йўлга қўйилган бўлиб, айни кунларда юқори иқтисодий самарадорликка эришилмоқда.
Фарғона вилояти Риштон туманидаги “STRAUS FARM” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида маҳаллий шароитда туяқуш боқиш йўлга қўйилган бўлиб, айни кунларда юқори иқтисодий самарадорликка эришилмоқда.Биринчи Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш жараёнида фермерлик ҳаракати ва агробизнесни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган алоҳида эътибор мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Аграр соҳага янги технологиялар, истиқболли лойиҳалар жорий этилаётир.
Фарғона вилоятида паррандачиликни ривожлантириш, парранда маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ва аҳолини сифатли парҳез маҳсулотлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йили ташкил этилган мазкур корхонага 306 минг доллар эвазига хориждан 200 бош Африка туяқуши келтирилиб, замонавий инкубаторлар ташкил этилган ва туяқуш жўжаларини очириш йўлга қўйилган эди. 16 гектарга яқин ер ажратилиб, туяқуш боқиш учун керакли майдон ва ўтлоқлар барпо этилди.
– Замонавий паррандачиликда туяқуш кўпайтириш кун сайин ошиб бормоқда, – дейди қўшма корхона раҳбари Фарангиз Азимова. – Мутахассислар туяқуш гўштининг ўзига хос парҳезбоплиги, терисининг майинлиги, ҳатто баъзи аъзоларини инсон танасига трансплантация қилиш мумкинлигини таъкидламоқда.
Айни пайтда бу ерда 120-150 килограмм вазнга эга ва йилига 80-100 донадан жўжа очадиган туяқушлар парваришланмоқда. Баҳор ойларидан туяқуш жўжаларини очириш бошланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, туяқуш 4 йилда репродуктив ёшга етади ва паррандачиликда бундай қушлар “Бридер” деб юритилади. Уларнинг ўртача тухум қўйиш ёши 10-15 йил, зотдор туяқушлар 40 йил давомида тухум қўяверади. Битта туяқуш 10-12 йил давомида қўйган тухумдан чиққан жўжа гўшти ўртача 72 тоннага етиши мумкин.Туяқуш боқишни йўлга қўйиш оилалар учун ҳам қулай ва даромадли бизнеслардан биридир.
Паррандачиликда туяқуш боқиш янги йўналишлардан бири бўлиб, бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ривожланиб бормоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қаратилаётган доимий эътибор эса, ана шундай истиқболли лойиҳаларга кенг йўл очмоқда.