Рауфхон Салахўжаев – дунё рейтингида!
Хушхабар: Ўзбекистонлик иқтисодчи дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчилари рейтингида!
Хушхабар: Ўзбекистонлик иқтисодчи дунёнинг 100 та энг кучли ёш иқтисодчилари рейтингида!Рўйхатни ҳаяжон билан кўздан кечира бошладим. Қани бизнинг азамат?! Биринчи элликталикда Осиёдан уч вакил: Япония, Ўзбекистон ва Ҳиндистон. МДҲ давлатларидан эса ягона номзод Ўзбекистондан! Дунёнинг 100 энг кучли ёш иқтисодчилари орасида Англия банки, Гарвард, Стэнфорд университетлари, Париж Иқтисод мактаби номзодларини ортда қолдириб, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети иқтисод фани ўқитувчиси Рауфхон Салахўжаев 32-ўринда турибди.
Мамлакатимиз шаънига қўшилган муносиб ҳисса, умуммамлакат муваффақиятидан шодланиб, Шарқ ренессансига хаёлим кетди. IX асрдан XIII асрнинг ўрталаригача давом этган илк Уйғониш даврида илм-фан уч йўналишда ривожланган. Улардан бири математика-тиббиёт йўналиши бўлиб, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний математикага оид, Закариё ар-Розий кимё, Ибн Сино, Журжоний, Абу Райҳон Беруний тиббиёт ва фалсафага оид йирик асарлар яратди. Ақл-закоси билан Марказий осиёлик алломалар жаҳон тамаддуни бешигига беназир дур қадади.
Дилга шодлик ингани бежиз эмас. Замондошимиз Хоразмий ёққан оловни қайта алангалатди. Ҳали ўттиз ёшни қаршиламаган қаҳрамонимиз макроиқтисоддаги янги йўналиш «Иқтисодий ўсишнинг чуқур омиллари» бўйича тадқиқот олиб бораётган кам сонли олимлардан. Илмий иши давлатларнинг иқтисодий ривожланишида интеллектуал капитал ва бозор институтларининг ролини тадқиқ этишга бағишланган. Рауфхоннинг 20 га яқин илмий мақоласи «Intelligence», «Kyklos», «Environmental Research» каби дунёнинг етакчи илмий журналларида чоп этилган, «Forbes» агентлиги, «National Policy» институти томонидан юқори баҳоланган.
Ёш иқтисодчи олим 2012 йили АҚШнинг «Fulbright» стипендияси ғолиби бўлиб, Нью-Йорк давлат университетида иқтисод магистри илмий даражасини олган. Ҳозир таълим даргоҳида муаллимлик қилиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида катта илмий ходим ҳамдир.
Рауфхон Салахўжаевнинг муваффақияти Тошкент Халқаро Вестминстер университети учун Лондон Иқтисод мактаби (Буюк Британия), Англия банки ва Браун университети каби нуфузли илмий марказлар қаторига киришга йўл очди. Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги иштироки мамлакатимиз нуфузи, илмий салоҳиятига баҳо бериш, унинг келажакдаги иқтисодий ривожига таъсир этиши шубҳасиз.
Мазкур рейтинг RePEc (Research Papers in Economics) «Иқтисодиёт фанлари бўйича илмий мақолалар» ташкилоти томонидан тузилади, лойиҳани АҚШдаги Федерал резерв банки тадқиқотлар бўлими мувофиқлаштиради ва дунё бўйлаб 50 мингдан ортиқ иқтисодчилар фаолияти кузатиб борилади. RePEc мақолаларга келтирилган иқтибослар, чоп этилган журнал нуфузи каби категорияларга асосланиб, турли тоифалар бўйича энг яхши иқтисодчилар рейтингини тузади. Рейтингда асосан Гарвард, Йель университетлари, Лондон иқтисод мактаби битирувчилари ва ходимлари устун турган.
Рауфхоннинг ютуғи келгусидаги зафарларига дебоча бўлсин!