Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 20:34 Чоп этиш версияси

Рангли металл парчалари олиб чиқиб кетилиши бартараф этилди

Мамлакатимиз чегараларида таркибида рангли металл бўлган механизм ва агрегатларни талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини яширинча тайёрлаш, уларни мамлакат ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ харакатлар учрамоқда. Амалдаги тартибларга мувофиқ рангли металл парчалари ва чиқиндиларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш тақиқланган.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят божхоначилари томонидан рангли металл парчаларини яширинча олиб чиқишга бўлган уриниш ҳолати бартараф этилди.

Фарғона тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Мерседес Бенс” русумли автомашина белгиланган тартибда тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида хорижга ноқонуний равишда олиб чиқиш учун мўлжалланган 23 дона полиэтилен қопда умумий қиймати 4 миллион 400 минг сўмдан ортиқ, оғирлиги 828 килограмм мис парчалари олиб кетилаётгани аниқланди.

Ушбу рангли металл парчалари фуқаро А.Ёрибековга тегишли бўлиб чиқди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1851-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу моддага кўра рангли металл парчалари ва чиқиндиларини чегарадан ноқонуний ўтказишга уриниш жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади.

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мамлакатимизда рангли металл парчалари ва чиқиндиларини экспорт қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида мамлакатимиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 87 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати салкам 150 миллион сўмлик 73 тоннадан ортиқ қора ва рангли металл парчаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

Даврон Суннатов, ЎзА
3 534






Все о погоде - Pogoda.uz