ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ортмоқда

Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ортмоқда

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Рақамли иқтисодиётдан рақамли инновацияларга” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат органлари, турли ташкилотларда электрон ҳужжат алмашинуви ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга масофавий хизмат кўрсатиш учун электрон тижорат тизимлари босқичма-босқич жорий этилмоқда.

– 2020-2025 йилларда Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Тўхтабоев. – Унинг стратегик мақсади – электрон ҳукумат тизимининг кейинги босқичига ўтиш, интеграциялашган ҳукуматни ривожлантиришга кўмаклашишдир. Бунда асосий эътибор давлат органларининг ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш ҳамда ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни амалга ошириш, маълумотларни марказлашган ҳолда сақлаш, ишлов бериш ва алмашиш тамойилини таъминлаш, “Электрон ҳукумат” тизими иштирокчиларининг ўзаро келишилган, бир-бирини тўлдирувчи ва бирлаштирилган усуллари ва ёндашувларини қўллашга қаратилган.

Ҳозир жаҳоннинг турли мамлакатларида молиявий технологиялар, ер ресурсларини бошқариш, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида блокчейн тизимидан фойдаланилади. Блокчейн тизими ҳар қандай соҳанинг шаффофлик даражасини оширади, коррупция ҳолатларининг камайишига хизмат қилади. Айнан рақамли иқтисодиёт кириб келиши билан рақамли платформалар яратиш ва тез суръатларда ўсиб бораётган рақамли маълумотларни монетизация қилиш муаммолари вужудга келмоқда. Бунда қиймат ярата олиш йўлларини, мазкур жараёнлардаги тўсиқларни бартараф этиш воситаларини аниқлаш муҳимдир. Бу қийматни яратиш ва тарқатиш салоҳиятини, қийматни янгилаш, бошқариш ҳамда қийматни қўлга киритиш шаклларини тушуниш имконини беради

Давра суҳбатида Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, истиқболдаги режалар, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари ўрганилди. Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш хусусиятларига оид мавзуларда мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

Талабалар рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олди.

3 149
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА