ЎзА Ўзбек

27.02.2019 Чоп этиш версияси

Пул маблағларни ноқонуний яшириш ҳолатлари аниқланди

Пул маблағларни ноқонуний яшириш ҳолатлари аниқланди

Айрим тадбиркорлик субъектлари солиқларни камайтириб кўрсатиш мақсадида савдодан тушган нақд пул маблағларини ноқонуний тарзда банкдан ташқари айланмасини йўлга қўйиш орқали, даромадларини оширишга уринмоқдалар.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Солиқ кодексининг 71-моддасига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари томонидан Хронометраж кўздан кечириш тадбирлари ўтказилиши белгиланган.

Сурхондарё вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган 308 та хронометраж кўздан кечириш тадбирлари давомида бир кунлик тушум бир ҳафта олдинги мос давридаги тушумга нисбатан 569 миллион 492 минг сўмга ошгани аниқланди. Бундан ташқари, 279 нафар фуқаро норасмий фаолият олиб бораётгани маълум бўлган.

Шунингдек, Шўрчи туманида фаолият кўрсатиб келаётган 7 та тадбиркорлик субъектларида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш тадбирлари натижасида кунлик тушум ўтган ҳафтанинг мос давридаги тушумга нисбатан 40 миллион 440 минг сўмга ошгани, жами 14 нафар ишчи-ходим норасмий тарзда фаолият юритиб келаётгани қайд этилган. 

Масалан, “Заҳро Камола” масъулияти чекланган жамиятига қарашли умумий-овқатланиш шохобчасида ўтказилган хронометраж кўздан кечириш тадбири давомида уч кунлик тушум ўтган ҳафтанинг мос кунларидаги тушумга нисбатан 17 миллион 787 минг сўмга, яъни 5 баробарга ошгани кузатилган. 

Бундан кўринадики, олиб борилаётган изчил ислоҳотларга қарамай, айрим тадбиркорлар нақд пулни яшириш, савдо тушумини камайтириб кўрсатиш ва ишчи-ходимларни норасмий ёллаш каби ноқонуний ҳаракатларни амалга ошираётган экан. 

Сурхондарё вилояти 
ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси​​

8 053
ЎзА