Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 12:35 Чоп этиш версияси

Пухта тайёргарлик – мўл ҳосил гарови

Пухта тайёргарлик – мўл ҳосил гарови Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида 2017 йил пахта ҳосили учун чигит экиш мавсумини сифатли ташкил этиш масаласига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат”, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятлари ва уларнинг вилоятдаги ҳудудий бошқармалари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, қишлоқ хўжалиги ҳамда уларга хизмат кўрсатувчи корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, туман ҳокимлари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, аграр соҳага фан-техниканинг илғор ютуқларини жорий этиш, деҳқончиликнинг барча турлари бўйича ҳосилдорликни оширишда илмий-амалий ёндашувга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар қарич ердан оқилона фойдаланиш, бу борада мунтазам изланиш олиб боришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда, – дейди қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Ваҳобов. – Кўзланган ҳосилдорликка эришишда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва сув хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда нав танлаш, экиш вақти ва усулларини аниқ билиш, агротехник парваришнинг илмий асосланган тадбирларини ўз вақтида, сифатли бажариш муҳим аҳамиятга эга. Наманган вилоятида ҳам ҳосилдор тупроқли ерлар билан бирга, ерости сувлари яқин, шўрланганлик даражаси турлича, сув таъминоти манбалари мураккаб бўлган шароитда пахта етиштирилади. Шу нуқтаи назардан вилоятда экиш мавсумини сифатли ташкил этиш ва пировардида режадаги ҳосилни олиш бўйича чора-тадбирларни аниқ белгилаш мазкур йиғилишдан кўзланган асосий мақсаддир.

Жорий йилда вилоятда 219 минг 800 тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган. Шу мақсадда 3 минг 100 дан зиёд фермер хўжалиги тасарруфидаги майдонга ғўзанинг “Наманган-77”, С-6524, “Андижон-35”, “Наманган-34”, С-8286, “Бухоро-102” ҳамда бир қатор янги синов навлари экилади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, вилоятда 90 сантиметрли схемада чигит экиладиган майдон 7,6 минг гектарга қисқартирилиб, қўшқатор усулида экиладиган майдон 9 минг гектарга кўпайтирилмоқда. Бу ҳосилдорликни ошириш ҳамда меҳнат ва маблағ сарфини камайтиришда катта аҳамият касб этади.

Мавсум учун талаб этиладиган 4 минг тоннадан зиёд сифатли уруғлик чигит тайёрлаб қўйилди. Маълумки, юқори ҳосилдорликка эришишда чигит экиш мавсумини ўз вақтида, уюшқоқлик билан ташкил этиш алоҳида аҳамиятга эга. Вилоятда бу борада кўрилган чора-тадбирлар қаторида кейинги йилларда яхши самара бераётган отряд усули янада такомиллаштирилмоқда. Жорий йилда ҳам мазкур жараённи пухта ўтказиш мақсадида вилоят бўйича агроном, сув, ёқилғи, минерал ўғит, техник хизмат кўрсатиш таъминоти бўйича ва бошқа мутахассислардан иборат 263 отряд тузилди. Мазкур отрядларга сеялка, кўчма устахона ва ёқилғи қуйиш агрегати, энг замонавий транспорт, ҳайдов ва чопиқ тракторлари, мола, чизель, тишли борона, пушта олиш мосламалари сингари 4 минг 858 техника воситаси бириктирилди.

Вилоятда чигит экишни 20 мартда бошлаб 10 апрелда якунлаш кўзда тутилган бўлиб, мавсумни белгиланган муддатда якунлаш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, 4 минг тоннадан зиёд ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, 3 минг 300 тоннадан ортиқ фосфорли ва калийли минерал ўғитлар захираси яратилди.

Айни пайтда вилоятда режадаги 47 минг 561 гектар майдонда пушта олиш, яхоб бериш, 37 минг гектарга яқин ўз намига экиладиган контурларда тупроқ намлигини сақлаб туриш учун бороналаш ишлари давом эттирилмоқда.

Соҳа раҳбарлари ва мутахассислар томонидан экиш ишларини ташкил этиш, агротехник тадбирлар хусусида тавсиялар берилиб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 805






Все о погоде - Pogoda.uz