Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши, Тошкент шаҳар прокуратураси, бандлик бош бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ярмаркада 450 дан ортиқ корхона ва ташкилот 8 мингга яқин бўш иш ўрни билан қатнашди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши, Тошкент шаҳар прокуратураси, бандлик бош бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ярмаркада 450 дан ортиқ корхона ва ташкилот 8 мингга яқин бўш иш ўрни билан қатнашди. Шунингдек, пойтахтимиздаги тижорат банкларининг 60 дан зиёд филиали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар учун тайёрланган содда ва қулай бизнес режалари ҳамда имтиёзли кредит пакетларини тақдим этди.Меҳнат ярмаркасининг очилишида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Ярмаркага мутасадди ташкилотлар вакиллари, Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда яшовчи иш билан таъминланмаган фуқаролар, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари таклиф этилди. Икки кун давом этган ярмаркада улар корхона ва ташкилотлар фаолияти, ўзларини қизиқтирган иш ўрни, яратилган шароитлар, иш ҳақи ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлди.
– Ярмаркада қатнашиб, таклиф этилаётган бўш иш ўринларини танлашга келганда шошиб қолдим, – дейди Сергели енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиси Фарангиз Яхшиева. – Ҳисобчилик йўналишида ўқиганлигим сабабли банк соҳасини танладим. Президентимиз томонидан биз ёшларга ўқиб, билим олишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз учун барча шароит яратилган. Бу эса ўз интеллектуал ва ижодий салоҳиятимизни намоён этишимизга кўмак беради, бор куч-ғайратимиз билан Ватан равнақига ҳисса қўшиб яшашга ундайди.
Ярмаркада ёшлар, вақтинча ишсиз фуқаролар Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси ва туман марказларининг мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.