ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Пилла етиштиришда Япония технологиясидан фойдаланилади

Пилла етиштиришда Япония технологиясидан фойдаланилади

Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида Япония технологияси асосида яратилган махсус кўчма қуртхонанинг фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси мутасаддилари, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, институт олимлари, илмий ходимлар ва талабалар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш, пилла етиштириш, уни қайта ишлаш жараёнига замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг 7 майида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Япониянинг “LIN-DOS” компанияси Ўзбекистонда кўчма қуртхоналар ташкил этиш бўйича келишувга эришган эди. Хусусан, 20 июль куни пойтахтимизда кўчма қуртхоналарнинг қурилиши олдидан “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром Шарипов ва Япониянинг “LIN-DOS” акциядорлик корпорацияси директори Сатоши Шожи билан учрашув ўтказилди. Унда кўчма қуртхона қурилиши учун Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ҳудудидан махсус жой ажратилган эди.

– Японияликлар томонидан таклиф этилаётган ушбу қуртхонанинг бир қатор қулайликлари бор, – деди Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Шуҳрат Абдулазизов. – Жумладан, унда ички ҳарорат замонавий инновацион технологиялар ёрдамида бир меъёрда ушлаб турилади. Ипак қуртини парвариш қилишда бу жуда муҳимдир. Эндиликда Ипакчилик илмий-тадқиқот институти олимлари ипак қурти парвариш қилиш мавсумларида шу ернинг ўзида ўз тадқиқотларини ўтказиши учун имконият яратилади. Ушбу қуртхонада 10 қути ипак қурти парвариш қилиш мумкин.

Кўчма қуртхона синовдан муваффақиятли ўтса, мамлакат миқёсида бундай қуртхоналарни оммалаштириш режалаштирилгани қайд этилди. Бу эса янги иш ўринлари ва пилла етиштириш самарадорлигини оширади.

Ҳозирги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан тизимда сифатли пилла хомашёсини етиштириш учун пиллакорларга керакли шароит яратиб берилмоқда. Айни вақтда республика бўйича тўлиқ талабларга жавоб берувчи 1 минг 12 қуртхона мавжуд. Уларда пиллакорлар томонидан бир йилда 4 мавсум давомида ипак қурти парвариш қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан пилла хомашёси етиштириш режаси белгиланган. Етиштириладиган пилла сифатини таъминлаш мақсадида ПТЗ тасарруфидаги ипак қурти парваришлашга мўлжалланган 206 қуртхона бепул фойдаланиш учун 30 йил муддатга тизим корхоналарига шартнома асосида ижарага берилган. Бундан ташқари, пиллачилик билан шуғулланаётган касаначилар томонидан қурилган 216 та махсус қуртхонада ҳам ипак қурти боқиш ташкил қилинди.

Етиштирилган пилла хомашёсининг сифатлилиги ва қурт боқувчиларга қулайлигини эътиборга олиб, тутзорлар қошида ипак қурти боқиш масканлари қурилмоқда. Режага асосан 2018 йилда 306 қуртхона қуриш топшириғи берилган бўлиб, амалда 351 қуртхона фойдаланишга топширилди. Жорий йилда эса 500 махсус (кўчма) қуртхона қуриш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар ҳудудларда 239 та қуртхона қуриб битказилди.

Тадбирда иштирокчилар Ипакчилик илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишди. Бу ерда олиб борилаётган ишлар, соҳага оид илмий тадқиқотлар бўйича олимлар билан суҳбатлашилди.

3 140
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА