Паррандачиликни ривожлантиришга имтиёзлар берилади
Четдан келтириладиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари божхона тўловларидан озод этилади
Четдан келтириладиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари божхона тўловларидан озод этилади
Мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ривожлантириш ва экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли ҳамда арзон паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ, шу билан бирга, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш ва тайёр паррандачилик маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас.
Жорий йилнинг 13 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур ҳужжат соҳада мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш баробарида уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Парранда етти хазинанинг бири дейилади. Мамлакатимизда парранда, хусусан, товуқ, куркаларни боқиш худди қўй-қўзилар каби азалдан кенг тарқалган. Ҳарқалай, саҳарда хўроз қичқириғидан уйғониб катта бўлганлар орамизда кам эмас! Паррандада барака бор, бир катакка иккита товуқ ташлаб қўйганнинг оғзи кунда-кунора янги тухумдан баҳраманд, қорни тўқ. Агар қунт қилинса, ана шу паррандадан каттагина даромад орттириш, нафақат ўзининг балки бутун бир халқнинг қорнини тўйдириш, орттириб, ўзга юртларга ҳам илиниш мумкин. Бу эса катта даромад дегани, ҳам фуқарога, ҳам давлатга қўшимча фойда.
Кейинги йилларда соҳада анчагина ишлар қилинди, паррандачилик билан шуғулланишни касб қилган тадбиркорлар сафи кенгайди, бунинг натижасида парранда маҳсулотлари кўпайди, қўшимча иш ўринлари яратилди. Бироқ қўлга киритилган ютуқлар ҳали денгиздан томчи, соҳада эса фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўп.
Давлат раҳбарининг “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юртимизда соҳани янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бунда бир нечта устувор йўналишлар белгилаб олинган. Мисол учун, 2019 йилда аҳолини етарли миқдорда парранда маҳсулотлари билан ҳамёнбоп нархларда таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида парранда сонини 80,78 млн. бошга, тухумни 7,48 млрд.га, парранда гўшти ишлаб чиқаришни 191,4 минг тоннага етказиш режа қилиб олинмоқда.
Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, деганларидек, келаси йилдаги режалар катталигини ҳисобга олиб, ҳозирдан емишнинг ташвишини қилиш лозим бўлади. Хомаки ҳисоб-китобларга кўра, 2019 йилда озуқа учун камида 593 минг тонна буғдой зарур бўлар экан. Жорий йилдаги эҳтиёжимиз 515 мингдан сал зиёдроқни ташкил этди. Бундан ташқари ҳали маккажўхори, соя, кунгабоқар кунжараси ва бошқа дармондорилар бор, демак ҳаммасини етиштириш учун ер, экин майдонлари керак бўлади.
Қарор билан жўжанинг тухумдан чиқиб, то тайёр маҳсулот сифатида истеъмолчига етиб бориш жараёнларини ўзида тўла мужассамлаштирган паррандачилик кластерларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. 2019 йилда уларнинг 13 тасини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, бир йўла 21 та паррандаларни сўйиш ва бўлаклаш цехлари, 17 та паррандачилик маҳсулотлари ва чиқиндиларини қайта ишлаш ҳамда 9 та озуқа компонентларини ишлаб чиқариш қувватларини ҳам фойдаланишга топширишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Соҳа сердаромад бўлишида паррандаларнинг соғлом парвариши ҳам асосий мезонлардан бири. Бугун ньюкасл, бронхит, юқумли ринит ва грипп каби бир нечта юқумли парранда касалликлари кенг тарқалган-ки, уларнинг оқибатида йилига 2-3 млн. бош парранда йўқотяпмиз, бу 10-15 млрд. сўм дегани. Шу боис қарорга мувофиқ, жойларда махсус илмий-диагностика лабораторияларини очиш ҳам долзарб вазифа қилиб қўйилмоқда.
Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш “Ўзсаноатқурилишбанк” зиммасига юклатилган. Шу мақсадда унинг устав капиталидаги давлат улуши Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 50 млн. АҚШ долларига оширилмоқда.
Соҳага жалб этилаётган маблағлар ўзини оқлаши ва албатта, фойда келтириши зарур. Демак, экспорт ҳажмини ҳам оширишимиз даркор. Экспортбоп маҳсулот тайёрлаш учун уни жаҳон, хусусан, “Ҳассп”, “Исо” ва “Ҳалол” стандартларига мослаштириш талаб этилади. Шунда, энг аввало қўшни республикалар ва бугун гўшт маҳсулотларига катта эҳтиёж сезилаётган яқин Шарқ мамлакатлари билан савдони йўлга қўйишимиз мумкин бўлади. 2019 йилда 37 млн. долларлик парранда маҳсулотини экспортга чиқариш кутилмоқда. Бу ҳажмнинг 9,1 миллиони Тошкент шаҳрига, 6 миллиони Самарқандга яна 3 миллиони Андижон вилоятига тўғри келади.
Ана шундай натижаларга эришиш учун бир қанча имтиёзларни жорий этиш ва қулайликлар яратиш белгилаб берилди.
Жумладан, 2021 йилнинг 1 ноябрга қадар:
• наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, бино-иншоотларни қуриш, таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар;
• четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари божхона тўловларидан озод этилади.
Бундан ташқари:
• паррандачилик хўжаликлари томонидан импорт қилинаётган ем бўладиган донни темир йўл орқали ташишда, истисно тариқасида, МДҲ темир йўллари тариф сиёсатининг 35 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда чегирма берилади;
• паррандачилик хўжаликларига талаб қилинадиган дон маҳсулотлари
ҳар ойда биржа савдоларига қўйиб борилади;
• барча паррандачилик хўжаликларини “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлиши учун мақбул шарт-шароитларни яратилади;
• республикада соя ва кунгабоқар донларини қайта ишлаш бўйича замонавий корхоналар ташкил этилади;
• деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум бўлган ҳудудларда парранда маҳсулотларини сотиш учун намунавий савдо фирма дўконлари ташкил этилади.
Паррандачилик қишлоқ хўжалигининг асосий бўғини ҳисобланади. Парранда гўшти эса истеъмол нуқтаи назаридан эндиликда дунёда иккинчи ўринда турибди ва унга бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Айни пайтда жаҳонда бир триллион 360 минг дона тухум ишлаб чиқарилади. Унинг 40 фоизи эса Хитойга тўғри келмоқда. Яқин 90- йилларда ҳам хитойликлар соҳада етакчи эмас эди. Бироқ, кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ушбу мамлакатни паррандачиликда биринчи рақамли экспортчи мамлакатга айлантирди. Демак, ҳаракат қилса, эришиб бўлмас марранинг ўзи йўқ. Ишонамизки, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ушбу қарор юртимизда паррандачиликни йирик ишлаб чиқариш агросаноатига айлантиришга туртки бўлади. Бу эса биринчи галда эл дастурхонининг тўкин, таом рационининг янада бой бўлишига, Ўзбекистонни эса паррандачилик ривожланган мамлакатлар сафига чиқиб олишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди