ЎзА Ўзбек

14.02.2019 Чоп этиш версияси

Паррандачиликни ривожлантиришга илғор тажриба ва технологиялар жалб этилмоқда

Паррандачиликни ривожлантиришга илғор тажриба ва технологиялар жалб этилмоқда

Мамлакатимизда паррандачилик соҳасини ривожлантириш, экспортга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолини сифатли ва арзон парранда маҳсулотлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Паррандасаноат” уюшмаси раҳбари Яшин АБДУРАЗЗОҚОВ ЎзА мухбирига тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар, келгусидаги режалар ҳақида сўзлаб берди:

– Бугунги кунда аҳолининг парранда маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўтган йиллларга нисбатан сезиларли даражада ошди, –деди Я.Абдураззоқов. – Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

2018 йилда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тухум маҳсулоти 2017 йилга нисбатан 116,2 фоизга кўпайгани, 193,3 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилгани ҳам фикримиз далилидир. Соҳани ривожлантириш мақсадида 2018 йилда қиймати 725 миллиалрд сўмлик 147 янги лойиҳа амалга оширилди. Натижада 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунда республикамизда паррандалар сони 81,5 миллион бошга етди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабида аҳоли жон бошига йилига 208 дона тухум белгиланган. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда 220 донага етди. Мамлакат миқёсида парранда гўшти ишлаб чиқариш эса аҳоли жон бошига 5,8 килограммни ташкил этмоқда. 

Халқимизнинг парранда маҳсулотларига, айниқса, товуқ гўштига бўлган эҳтиёжини қондириш чораларини кўрмоқдамиз. Паррандачилик хўжаликлари томонидан 2017 йилда 17 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 20 миллион долларга етди.

Ҳозирги кунда тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни жалб этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Қўмитамиз дунёда етакчи ўринга эга Германия, Бельгия, Италия ва Россия давлатларида йирик замонавий паррандачилик комплекси ускуналарини ишлаб чиқарувчи компаниялар билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.

Эндиликда давлатимиз томонидан паррандачилик корхоналарига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида мақсадли маблағ соҳадаги лойиҳаларни молиялаштириш учун кредит тариқасида бериладиган бўлди. Кредитлар бўйича имтиёзлар фоиз ставкаси бўйича тўловларнинг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан берилади.

2021 йил 1 ноябрга қадар паррандачилик корхоналари импорт қилинаётган озуқа компонентлари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилди. Жорий йилда паррандачилик хўжаликларига озуқа базаларини яратиш учун ҳудудлардан 137 минг гектар ер майдони ажратиш режалаштирилган. Шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни арзонлигини таъминлаш, тўғридан-тўғри аҳолига етказиб берилишини назорат қилиш мақсадида жойлардаги ҳудудий деҳқон бозорларида корхоналарнинг махсус дўконларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Эътиборлиси, паррандаларда учрайдиган касалликларга қарши воситалар ишлаб чиқарувчи замонавий биолаборатория ташкил этилмоқда.

Манзилли дастурга асосан қиймати 304 миллиард сўмлик 19 паррандачилик кластерини ташкил этишни мақсад қилганмиз. Жумладан, Тошкент вилоятида 3 та, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида 2 тадан, Фарғона, Андижон, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 1 тадан паррандачилик кластери ташкил этилади. Ушбу кластерлар учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жами 14,6 минг гектар ер майдони ажратилиб, 1 минг 200 га яқин янги иш ўрни яратилади. Натижада йилига 16 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилиши таъминланади.

Уюшмамиз мамлакатда наслли она товуқларни парваришлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келади. Айтиш жоизки, бугунги кунда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳам наслчилик хўжаликлари ташкил этилди. Ҳозирда ушбу корхоналарда йилига 106 миллион дона наслли жўжа тухумини олиш имконияти яратилган.

Мамлакатимизда куркачилик, беданачилик, ўрдакчилик ва туяқуш каби паррандачалик турлари ҳам ривожланмоқда. Жумладан, Қашқадарё вилоятида “Мароқанд парранда” масъулияти чекланган жамиятида 250 минг бош куркачилик хўжалиги ташкил этилди. Тошкент вилоятидаги “Прогресс-парранда” масъулияти чекланган жамиятида эса 46 минг бош Франциянинг “Новоген” номли янги товуқ зоти парваришланмоқда.

Шунингдек, Бухоро, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида беданачилик ва ўрдакчилик кенг ривожланган. Фарғона вилоятидаги “Страус фарм” қўшма корхонасида Африкадан келтирилган 800 бош наслли туяқуш кўпайтирилиб, ҳудудларга етказиб берилмоқда.

Тизимда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли паррандачилик маҳсулотларининг биологик ва экологик хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда.

9 346
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди